Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяда бўлиб турибди

Делегация таркибидан юртимиз соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари Улуғбек Сабиров ва Абдулла Азизов, қурилиш вазири ўринбосари Насрулла Бобоев, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов жой олган.

Ташрифдан кўзланган мақсад — саратон касаллигини даволаш бўйича Жанубий Кореянинг энг илғор амалиётларини ўрганиш, ушбу мамлакатдаги шериклар билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича музокаралар ўтказиш, шунингдек, махсус саратон шифохоналари ва марказларини қуриш юзасидан тажриба алмашишдан иборат.

Ўзбекистон делегацияси «Osong Bio-Valley» лойиҳасини амалга оширувчи «Osong» жамғармаси фаолияти билан танишди. Жамғарма раҳбари Ча Санг Хун билан учрашувда «Tashkent Pharma Park» ва «Osong Bio-Valley» фармацевтика кластерлари ўртасида тажриба алмашиш ва технологиялар, қўшма тадқиқотлар, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, замонавий бошқарув усулларини жорий этиш, саноат ишлаб чиқаришини яратиш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.

Сафар чоғида Жанубий Корея томони биотехнология, янги фармацевтика, биотиббиёт препаратлари ишлаб чиқариш, тиббий асбоб-ускуналари ва ҳайвонлар лабораторияси соҳасида ўқув марказларини барпо этиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Мазкур марказлар раҳбарлари ўз фаолиятлари, жумладан, Жанубий Кореядаги етакчи олий таълим муассасалари, фармацевтика ва илмий-тадқиқот компаниялари, шунингдек, давлат идоралари билан ўзаро ҳамкорлик ҳақида батафсил маълумот берди.

Томонлар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли ташкилотлар билан яқин ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирди.

Музокаралар натижасида ҳамкорликка оид икки томонлама ҳужжатни имкон қадар тез муддатда ишлаб чиқиш, ўзбекистонлик мутахассис ҳамда менежерларни малака ошириш ва тажриба алмашиш учун «Osong» фондига таклиф этиш, шунингдек, «Tashkent Pharma Park» фармацевтика кластерининг Тошкент вилоятидаги филиали фаолиятини Жанубий Корея мезонларига мувофиқ ҳолда ташкил этиш юзасидан ўзаро келишувга эришилди.

Манба: «Дунё» АА.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech