Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Тошкент халқаро инвестиция форумида умумий 7,8 млрд долларлик шартномалар ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди

Пойтахтимизда жорий йилнинг 24-26 март кунлари Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Тадбир 2 мингдан ортиқ иштирокчиларни – жаҳоннинг 56 мамлакатидан йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонларни бирлаштирган бизнес дунёсидаги муҳим воқеага айланди.

Форум доирасида, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳамда “Grand Pharm Logistics Hub” МЧЖ ўртасида уч томонлама инвестицион шартнома имзоланди. Унга кўра, “Grand Pharm Logistics Hub” МЧЖ томонидан “Tashkent Pharma Park” кластери ҳудудида “Замонавий ва инновацион фармацевтик логистик марказ”ни ташкил қилиш кўзда тутилган.

Маълумот учун, қиймати 54 млн АҚШ долларлик “Grand Pharm Logistics Hub” корхонасининг ўз маблағлари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилувчи мазкур марказда товарларни сақлашга мўлжалланган омборхоналар, божхона рўйхатидан ўтказишга мўлжалланган божхона омборхоналари, музлатгич хоналар ва бошқа маъмурий, техник иншоотлар барпо этилади. 1200 янги иш ўринларини яратувчи “Замонавий ва инновацион фармацевтик логистик марказ” фаолиятини тўлиқ автоматлаштириш мақсадида товарлар сифатини таъминловчи “GDP” стандарти ва замонавий бошқарув тизимини таъминловчи “SAP” тизими тадбиқ қилинади.

Таъкидлаш жоизки, “Grand Pharm Logistics Hub” МЧЖ жаҳоннинг нуфузли фармкомпаниялари билан ҳамкорлик қилувчи “Grand Pharm Trade” МЧЖ компанияси таъсисчилигида ташкил этилган. “Grand Pharm Trade” МЧЖ республика бўйича йирик савдо тармоғига ва 332 дан ортиқ дорихоналарига эга, шунингдек 4500 дан зиёд дорихоналар билан ҳамкорлик қилади.

Шу билан бирга, 1-Тошкент халқаро инвестиция форуми давомида Агентлик, “Tashkent Pharma Park” ҳамда “Remedy Group” МЧЖ ўртасида қиймати 5 миллион долларлик инвестицион шартнома ҳам имзоланди. Унга кўра, кластернинг саноат ҳудудида “Дори воситалар ва моддаларни (субстанцияларни) ишлаб чиқаришни амалга ошириш”лойиҳаси асосида компания фармацевтик маҳсулот ишлаб чиқарувчи заводини барпо этиб, 2026 йилнинг 3-чорагида ишга тушириши режалаштирилган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech