Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Тошкентда Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 20 июнь санасида Тошкентда Озарбайжон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи арафасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Экспорт ва инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинган Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг йирик компанияларининг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида инвестициялар, саноат ва савдо соҳасида эришилган ютуқларни таъкидланиб, икки мамлакат иқтисодиётларининг ишга солинмаган салоҳияти ҳамда нефть-кимё, кимё, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, заргарлик, автомобилсозлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мавжуд шарт-шароитлар қайд этилди.

Таъкидлаш жоиз форум якунлари бўйича умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ қўшма лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича қатор битимлар, жумладан фармацевтика йўналишида юртимизда фаолият юритаётган «Meri Naturel» хусусий корхонаси ва Озарбайжоннинг «НаргизМЕД» фармацевтика корхоналари ўртасида шартнома шунингдек, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида амалий ҳамкорлик тўғрисида 10 та келишув имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Улуғбек Эгамовнинг Озарбайжонга хизмат сафари давомида Озарбайжон Иқтисодиёт вазирлигининг Иқтисодий ҳудудларни ривожлантириш агентлиги вакиллари билан "Дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш" бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва Озарбайжонда маҳаллий фармацевтика маҳсулотларимизни рўйхатдан ўтказиш масалалари бўйича қатор учрашувлар ўтказган эди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech