Туркияда коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ўқув курслари ташкиллаштирилди
Туркия давлатида ISO 10018:2020 “Сифат менежменти тизими. Ходимларни жалб қилиш бўйича раҳбарлик кўрсатмалари” ва ISO 37002:2021 “Коррупция ва ноқонуний фаолият фактлари бўйича хабарларни бошқариш тизимлари. Раҳбарлик кўрсатмалари” халқаро стандартларини, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ҳамда бошқарув самарадорлигини ошириш борасидаги ҳалқаро амалиётнинг бошқа стандартларини жорий этиш бўйича махсус ўқув курслари ташкиллаштирилди.
Курсларда Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус комиссия аъзолари ҳамда Коплаенс, молиявий назорат ва ички аудит хизмати мутахассислари қатнашиб, ўқув курсини муваффақиятли тамомладилар.
Унинг доирасида коррупция хавф-хатарларини аниқ баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тегишли чораларни кўриш учун рақамли мониторинг тизимини жорий қилиш, коррупция хавфини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш, коррупция ҳолатлари содир этилишини олдиндан аниқлашга йўналтирилган тадбир ва индикаторлар тизимини жорий қилиш ҳамда уларга боғлиқ бўлган бошқа масалалар юзасидан иштирокчиларнинг малакаси оширилди.
Ўқув курси якунида тингловчиларга Европа Иттифоқи томонидан тан олинган туркий намунадаги ISO 10018:2020 ва ISO 37002:2021 ҳалқаро стандартлари бўйича малака ошириш сертификатлари топширилди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўқув курслари Туркиянинг “Universal Certification” ва Ўзбекистон Республикасининг “Triple Point Enqineerinq” компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилди. Хусусан, Туркиянинг “Universal Certification” компанияси Европа стандартларини жорий қилиш бўйича тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи ва ўтказувчи, бошқарув тизимлари, маҳсулотлар сертификацияси ҳамда юридик ва жисмоний шахсларни сертификациялаш бўйича аккредитацияга эга бўлган ваколатли органи сифатида Туркиянинг Ҳалқаро тан олинган аккредитация ўтказувчи Миллий агентлиги (TURKAK) билан ҳамкорликда фаолият юритади.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати