Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Универсал дори воситаси – занжабил ҳақида нималар маълум?

Занжабил (у сизга русча “имбирь” номи ила таниш) Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида келтирилган кўплаб хасталикларни даволашда қўлланадиган малҳамларни таркибига киради.

15 асрда яшаб ижод этган Юсуф Муҳаммад ибн Юсуф ат-Табиб ал-Харавий “Хайрли кишиларга фойдалар” асарида занжабил ҳақида анча мукаммал маълумот беради:

Томирсиз занжабил бўлса қўлингда,
Эски бўлмай, янги бўлса у бироқ,
Қоринда йиғилган елларни ҳайдар,
Юз фалажи шолга фойдадир ҳар чоқ,
Ҳар ким ундан ҳар кун истеъмол қилса,
Қуввати ошади шубҳасиз, мутлақ.

Занжабил илдизи таркибида эфир ёғлари (1,5-3%) органик кислоталар (70% гача), ноёб аминокислоталар, C, А, Д, Б1, Б2, Б3, Б4, Б6, Б12 витаминлари, калий, фосфор, магний, темир, мис мавжуд.

Занжабилли чой ичилганда ундаги занжабил ва долчин бирикмаси жигарни ҳимоялаб, тозалаб туради.

Агар ўт пуфагингизда тош пайдо бўлган бўлса, бу чойдан мунтазам ичиб юринг, бу ўт пуфагингизни ҳам соғломлаштиради.

Занжабилли қайноқ чой қиздиради ва совуқдан ҳимоя қилади, иммунитетни мустаҳкамлайди, вирусларга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга. Бу чой яна ички аъзолардаги шамоллашларни олади, қорин дам бўлишидан ҳамда елдан халос этади, овқат ҳазмини енгиллаштиради.

Занжабилли чой тайёрлаш

Қирғичдан янги чиқарилган 3 чой қошиқ занжабил илдизи 100 мл. сув ёки сутга солиниб, қопқоғи зич ёпилган эмалли идишда паст оловда 10 дақиқа қайнатилади. Сўнг 5-10 дақиқа димлаб қўйилади ҳамда асал ва лимон қўшиб иссиғида ичилади.

Занжабилли чойга қарши кўрсатмалар

Овқат ҳазм қилиш аъзоларида муаммоси борлар, ҳомиладор аёллар, болалар ва кучли антикоагулянт дорилар қаторига кирувчи аспирин, варфорин, тиклопидин ёки гепарин каби дори-дармонлар ичиб юрувчи кишиларга тавсия этилмайди.
Занжабилни ичишдан олдин шубҳа туғилса, даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиш лозим.

Холида ОЧИЛОВА, Олий тоифали шифокор-эндоскопист.
«Соғлом авлод» газетаси.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech