Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон – Тожикистон бизнес-форуми ва икки мамлакат ишбилармонларининг B2B шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди

Кеча 1 июнь куни пойтахтимизнинг Hilton меҳмонхонасида Ўзбекистон – Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Икки давлат вазирлик ва идоралари, бизнес доиралари ҳамда саноат бирлашмалари вакилларидан иборат 200 дан зиёд ишбилармон иштирок этган анжуманда савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.

Форумда томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид бошчилик қилди.

Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари иқтисодий муносабатни кенгайтириш, юқори технологияли қўшма ишлаб чиқариш объектларини яратиш, юқори талабга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва бозорга етказиб бериш бўйича кооперация алоқаларини ўрнатиш учун улкан имконият мавжудлигини қайд этди.

Бизнес-форумда икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган тақдимотлари намойиш этилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Улуғбек Эгамов қатнашди. Бизнес форум доирасида икки мамалакат фармацевтика ишбилармон доира вакиллари ҳам В2В форматдаги учрашувларда ҳамкорлик музокараларини олиб бордилар. Хусусан, фармацевтика соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган уч томонлама шартнома Тожикистоннинг “Cоф Фарм” МЧЖ Ўзбекистоннинг “Merrymed Farm” МЧЖ корхоналари ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ўртасида имзоланди.

Мазкур битим қардош мамлакатда 2 миллион АҚШ долларига тенг фармацевтика маҳсулотларини «in bulk» тарзда ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни кўзда тутади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech