Хоразм вилоят ҳокими Россия ва Беларуссиянинг йирик фармацевтика компаниялари вакилларини қабул қилди
Жорий йилнинг 7 июнь санасида Хоразм вилоят ҳокими Фарход Эрманов “ИнтерЛек” компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича маслаҳатчиси Виктор Степанович Шеин бошчилигидаги Россия ва Беларус Республикасининг фармацевтика компаниялари вакилларидан иборат делегация аъзоларини қабул қилди.
Делегация таркибида “Белфармпром” холдинги, “Минскинтеркапс”, “Экзон” компаниялари, “Белгоспроект институти” ОАЖ ва бошқа фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар вакиллари бор. Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълумот учун, мазкур компанияларда ишлаб чиқарилган дори воситалари МДҲ давлатлари, шунингдек дунёнинг бир қатор мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Мулоқот чоғида Урганч шаҳрида инфузион эритмалар, ампула, капсула ва таблетка шаклидаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати