Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Жамоатчилик кенгаши: фаолият очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш

Эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш масалаларига эътибор кучайтирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди, ушбу муносабатларни тартибга солувчи «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Бу борада юртимизда давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилиб, давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклигини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилди, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан ислоҳ қилинди, «Электрон ҳукумат» тизими босқичма-босқич жорий этилиб, тобора кенг қўлланилмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузурида ҳам Агентлик директорининг тегишли буйруғи билан жамоатчилик кенгаши ташкил этилган бўлиб, унда давлат ва жамият ўртасида таъсирчан ҳамда самарали мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, улар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Жамоатчилик кенгашига фармацевтика соҳасида намунали хизмат кўрсатган 15га яқин меҳнат фахрийлари ва тажрибали мутахасислар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб этилган.

Куни кеча жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлиси ўтказилиб, унда “Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган импорт қилишда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган хом ашёлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги ПФ-154 - сон Фармони билан тасдиқланган Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методикасининг 8-иловасига асосан “Жамоатчилик кенгашининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари” муҳокама қилинди. Бундан ташқари, кун тартибига киритилган “Божхона божларидан озод қилинадиган технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, хом ашё ва материаллар, тиббиёт буюмлари ва қадоқлаш материаллари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ўрганиб чиқилди.

Кенгаш аъзолари рецептсиз фармацевтика маҳсулотлари савдосини эркинлаштириш бўйича Агентликда ишлаб чиқилган таклифлар билан танишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, мажлисда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича  жамоатчилик кенгашининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари  атрофлича кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, улар ижросини таъминлаш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Маълумот учун Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаларилари билан қуйидаги манзилда танишишингиз мумкин.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech