Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ёшлар пресс клубида "Кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ёшлар ўртасида ноқонуний айланиши: жамоатчилик ва ёшлар фикри” мавзусида навбатдаги сессия бўлиб ўтди

Мамлакатимизда кейинги уч йилда ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқукбузарлик олдинги йилларга нисбатан камайган бўлишига қарамасдан айнан тартибсизлик, ёшлар ўртасида турли қонунда рухсат этилмаган, тиббиёт мутахассисларининг рухсатисиз фойдаланиши тақиқланган психотроп моддаларнинг ёшлар ўртасида ноқонуний тарқатилиши ҳамда улар орқасидан келиб чиқаётган турли касалликлар каби салбий иллатларнинг кўпайиб бориши кенг жамоатчилик вакилларини ташвишга солиб қўймоқда.

Ёшлар айниқса, вояга етмаганлар ўртасида бу каби салбий иллатларни, майда безорилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш кечиктириб бўлмайдиган долзарб масала эканлигини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Шу нуқтаи назардан вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан мазкур салбий ҳолатларни олдини олиш бўйича ҳамкорликда доимий равишда профилактика ишларини олиб боришмоқда.

Дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишни такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашни таъминлаш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва Ҳукумат қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинган ёшлар пресс клубининг навбатдаги сессияси қизғин баҳс ва мунозаларга бой ўтди. 

Тадбирда иштирок этган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги Наркотиклар назорати қўмитаси раиси Исматжон Азизов иштирокчилар томонидан берилган бир қанча саволларга атрофлича жавоб бераркан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида"ги (ПҚ-4438-сон 06.09.2019) ҳамда Хукуматимизнинг "Кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида"ги (818-сон, 27.09.2019 й.) қарорлари юзасидан тушунтириш бериб ўтди.

Сессия давомида дори воситалари ноқонуний айланишига чек қўйиш, аҳоли орасида кучли таъсир қилувчи моддаларнинг нотиббий мақсадларда қўлланилишининг олдини олишда профилактик чора-тадбирларни замон талабига мослаш кераклиги ва бошқа бир қанча долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги матбуот хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech