Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларни ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасига қарши тизимли равишда кураш олиб борилмоқда

Хабарингиз бор, “Smart medical pharm” ҳамда “BILLUR  MEDICAL TRADE” МЧЖлар томонидан ишлаб чиқарилган “Этиловый спирт 70% 50 мл” ҳамда “Меновазин” маҳсулотлари сифатидан норози  бўлган айрим фуқоролардан келиб тушган мурожаатлар асосида, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мазкур корхоналарнинг дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга бўлган лицензиатлар реестрида мавжуд эмаслиги ҳамда ушбу корхоналар томонидан “Этиловый спирт 70%” ҳамда “Меновазин” маҳсулотлари ноқонуний йўллар билан ишлаб чиқарилганлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига мурожаатнома юборган эди.

Мазкурга мурожаатномага асосланиб, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган назорат ишлари мобайнида “Саховат Универсал Фарм” ХК ёрлиғи остида Наманган шаҳрида фаолият олиб бораётган “Садриддин Зиё Нур” МЧЖ томонидан ушбу маҳсулотларини ишлаб чиқарилиб реализация қилинганлиги аниқланган.

Амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Наманган шаҳар, Давлатобод тумани, “Елхон” МФЙ ҳудудида ноқонуний равишда тиббий воситалар, жумладан тиббиёт этил спирти ишлаб чиқариш ҳолатлари мавжудлиги тўғрисида олинган маълумотларга асосан ўтказилган тезкор тадбирда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ҳолда ташкил қилинган яширин цехда тиббий воситалар (тиббиёт пахтаси, бинт, меновазинь, йод, зелёнка ҳамда тиббиёт этил спирти) ишлаб чиқарилаётганлиги аниқланиб, жами 32 турдаги 315,4 млн. сўмлик тиббиёт воситалари ва тиббиёт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланилган дастгоҳлар ашёвий далил сифатида олинган.

Аниқланишича, ушбу дори воситалари “Billur mеdiсаl trade” МЧЖ (Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани) ҳамда “Kamol mеd farm” МЧЖ (Наманган вилояти, Наманган шаҳар) номи остида ноқонуний равишда ишлаб чиқарилаётганлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси юртдошларимиздан, давлат рўйхатидан ўтган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг сифатсиз, белгиланган талабларга номувофиқ ишлаб чиқарилган, нуқсонли ҳолатларига дуч келганда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг @uzpharmagency_bot алоқа ботига ёки (71) 2340604 ишонч телефонига мурожаат қилишларини сўраб қолади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech