Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Соғлом турмуш тарзига амал қилган фуқаролар рағбатлантирилади

Давлатимиз раҳбари 13 октябрдаги Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Оқолтин туманидаги “Янги Тошкент” маҳалласида бўлди. У ердаги замонавий қиёфа касб этган оилавий поликлиникага кириб, ходимлар ва аҳоли билан суҳбатида тиббиёт билан спорт ҳамоҳанглигини кучайтириб, одамларни соғлом турмуш тарзига одатлантириш, аҳолининг умрини узайтириш масалалари борасида таклифлар берди.

“Кўп юриш билан тўғри овқатланиш маданиятини йўлга қўйиб олсак, тиббиётдаги 30-40 фоиз масалани ҳал қилган бўламиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Оқoлтин тумани тажрибаси асосида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш таклифини илгари сурди.

Айни шу ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида куни кеча Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Оқолтин туман ҳокимлигида қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлари, маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари билан учрашди. Тадбирда аҳолини тўғри овқатланиш, жисмоний фаолигини ошириш учун қандай ишларни амалга ошириш зарурлиги, ушбу амалларнинг соғлом ҳаётга қайтаришдаги самараси борасида сўз борди.

— Коронавирус инфексияси кишиларнинг соғлиғи, ҳаётига хавф солаётган бир пайтда ҳаммани вирусдан зарарланганда қандай қилиб ундан тез ва осон қутулиш мумкин, деган савол қийнамоқда, — деди А.Шадманов. — Муаммонинг ягона ва энг самарали ечими соғлом турмуш тарзига амал қилишдир. Бу нафақат вирусдан ҳимояланиш, балки узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришнинг ҳам энг асосий қоидаси, талаби ҳисобланади. Касалликнинг кучли асоратлари ва ўлим ҳолатлари асосан юрак қон-томир касалликлари, қандли диабет, ўпканинг сурункали касалликлари бўлган ёки ортиқча вазнга эга бўлган, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилган, камҳаракат инсонларда учрамоқда. Шуни унутмалигимиз керакки, касалликнинг енгил кечиши ёшга боғлиқ эмас, катта ёшда бўлса ҳам тўғри овқатланадиган, жисмоний фаол бўлган, семизлиги ва диабети бўлмаган инсонларда касаллик анча енгил кечади.

Foto: SSV

Соғлом турмуш тарзининг асоси эса, жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланишдир. Мутахассисларнинг фикрига кўра, инсон кунига 5-7 километр юрса, қон томир касалликлари, юрак хуружи, инсульт каби ҳасталиклардан бутунлай йироқ бўлади. Ортиқча вазн эса, касалликлар уясидир.

Оқолтин тажрибаси асосида аҳолимизни кўпроқ юришга, тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилишларига одатлантирамиз. Аввало, уларнинг жисмоний ҳолатини аниқлаб олиш учун аҳоли вакилларининг бўйи, вазни, бел айланаси ўлчаниб, тиббий варақаларида қайд этилади. Ҳар бир маҳаллада аниқ белгиланган бир вақтда ўзаро масофа сақлаган ҳолда кексаю ёшларни юриш марофонига чорланади. Одамлар бунинг фойдасини тушуниб етгачгина ҳар куни узоқ масофага юриш, тўғри овқатланишни одатга айлантиради.

Шунингдек, маҳаллалар ўртасида “Энг соғлом маҳалла”, “Энг соғлом кўча” танловлари ўтказилиб, ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган фуқароларга турли рағбатлантириш мукофотлари тақдим этилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech