Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

15 октябрдан карантин чоралари яна қаттиқ кучайтирилиши ростми?

АОКАда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда аҳолидан келган мурожаат ва саволларга жавоб қайтарилди.

15 октябрдан карантин чоралари яна қаттиқ кучайтирилиши ростми?

➖ Аввало шуни таъкидлаш керакки республикамизда ҳали карантин чоралари бекор қилинмаган, балки юмшатилган. Аммо фуқароларнинг нотўғри тушунганликлари натижасида аҳоли орасида коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камаймаётганлиги сир эмас.

Бир нарсани унутмаслик керак “мен, сен, улар” дейилганидек, карантин тадбирлари кучайтирилиши ва юмшатилиши бизнинг ҳатти-ҳаракатларимизга боғлиқ, агар биз карантин ва чеклов тадбирларини менсинмас эканмиз, профилактик тадбирларни унутиб қўярканмиз, мутахассис шифокорларнинг тавсияларига риоя этмас эканмиз, у ҳолда касаллик кўпайиб кетишига ва Республика Махсус комиссиясини карантин чоралари кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур қиламиз.

Коронавирус инфекцияси билан касалланганда кўз билан боғлиқ касалликлар ҳам келиб чиқадими?

Тадқиқотчи олимларнинг аниқлашича, конъюнктивит яъни кўз шиллиқ пардасининг яллиғланиши коронавирус касаллигининг белгиларидан бири бўлиши мумкин.

Италиялик олимлар коронавирус бурун шиллиқ қаватида аниқлангандан бир ҳафта ўтиб кўз шиллиқ қаватида ҳам учрашини тадқиқотларида таъкидлашган. Шунинг учун коронавирус касаллигини даволаётган шифокорлар нафақат бурун ва оғиз, балки кўзларни ҳам ҳимоя қилиш борасида ҳам огоҳлантирилади. Хитой шифокорларининг тажрибасида ҳам коронавирус билан даволанаётган беморларда 1 фоиз ҳолатда конъюнктивит аниқланган.

Болалар коронавирус билан касалланса келажакда саломатлигига таъсир кўрсатиши, масалан бепуштликка олиб келиши мумкинми?

Коронавирус касаллиги мутлақо янги касаллик бўлиб, ҳали у ҳақида етарли маълумотга эга эмасмиз. Алоҳида бу борада илмий изланишлар амалга оширилмаган. Қолаверса касаллик ёш болаларда жуда енгил формада ўтаяпи, шунинг учун келажакда бирор бир жиддий асорат қолдириши ҳақида башорат қилиш нотўғри бўлади. Фикримизча, COVID-19 келажакда фарзанд кўрмаслик (бепуштлик) каби ҳолатларни келтириб чиқарадиган касалликлар сирасига кирмайди.

Қўшни давлатлар билан чегара қачон очилади?

Бугунги кунда Ташқи ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги билан биргаликда барча турдаги халқаро қатновларни тиклаш бўйича хорижий мамлакатлар билан музокаралар олиб борилмоқда ва қатновларни босқичма-босқич тиклаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech