Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

«Фавипиравир» препарати мувозанатнинг бузилишига олиб келиши мумкинлигини ҳақидаги мақола юзасидан расмий муносабат

Daryo.uz интернет нашрида "Фармакологлар «Фавипиравир» препарати мувозанатнинг бузилишига олиб келиши мумкинлигини маълум қилди. Ундан Ўзбекистонда COVID-19 беморларини даволашда қўлланилмоқда" номли маъқола эълон қилинган эди.

Мақолада, "Россияда COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш учун қўлланилаётган «Фавипиравир» препарати борасида ижтимоий тармоқларда мулоҳазалар пайдо бўлди. Фикрлар нуқтаи назаридан «Фавипиравир» препарати йиқилишни келтириб чиқарувчи носпецифик мувозанат бузилишларига олиб келиши мумкин”лиги ҳамда "Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса 6 октябрь куни COVID-19'га чалинган беморларни даволашда «Фавипиравир» дори воситаларидан фойдаланилаётганлигини маълум қилган"лиги ҳақида айтиб ўтилган.

Ушбу фикрлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази томонидан муносабат билдирилди.

Ҳар бир дори воситасининг қўлланиш қоғозида ўзига хос тавсиялар ва огоҳлантиришлар бўлади. «Фавипиравир» препаратини қўллаш учун ҳам ўз қўлланма ҳужжати бор.

Фавипиравир - бу ҳар хил турдаги РНК вирусларига, шу жумладан SARS-CoV-2  коронавирусига қарши антивирал препарат сифатида ишлатиладиган кимёвий модда.

Препарат Японияда юқори вирусли юк туфайли келиб чиққан оғир инфекцияларга қарши ишлатиладиган гриппга қарши дори сифатида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. У Япон бозорида "Aвиган" савдо номи остида муомалада бўлган.

Мақолада айтилган «Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, мувозанат бузилишлари ҳақида фавипиравир таъсир кўрсатувчи моддага эга «Авиган» препаратига қўлланмани қайта кўриб чиққан Япониянинг дори воситалари бўйича агентлигининг хулосаларида айтилган. Агентлик хулосасида, ножўя таъсирлар қаторида, тўсатдан югуриш ҳам қайд этилган» фикрларига келсак, ҳозиргача Ўзбекистонда беморларга «Фавипиравир» препаратини қўллашда жиддий ножўя ҳолатлари учрамади.

Дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар аниқланган ҳолатда кимга ва қандай тартибда мурожаат қилиш керак?

Маълумот ўрнида, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 9 мартдаги 13-сонли “Дори воситаларини қўллашда аниқланган ножўя таъсирлар тўғрисида хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғига биноан, ножўя таъсир юзага келган тақдирда, аниқланган ҳолат тўғрисида белгиланган муддатда ёзма хабарнома тайёрланиши ва юборилиши керак.

Шифокор беморда жиддий ножўя таъсир (анафилактик таъсир, Лайелл синдроми ёки Стивенс-Жонсон синдроми шунингдек, одамнинг ўлими) ҳолатлари айнан ушбу дорини қўллаш оқибатида вужудга келганлиги тўғрисида хулоса чиқарган ҳолда, бу ҳақда 1 кун ичида хабарнома расмийлаштирилади.

Бошқа барча ҳолатларда, кузатилган ёки аниқланган ножўя таъсир, шунингдек қўлланилган дориларнинг самарадорлиги йўқлиги тўғрисида 10 кун ичида хабар бериш керак. Ножўя таъсир аниқланган тақдирда, хабарнома картасини тўлдириш керак.

Хабарнома юбориш учун сиз хабарнома картаси шаклини юклаб олишингиз ва тўлдиришингиз керак (дори воситаларининг ножўя таъсири, жиддий ножўя таъсири ва дориларнинг самарадорлиги йўқлиги ҳақида хабарнома картаси шакли).

Wорд шаклида тўлдирилган хабарнома картаси шакллари қуйидаги электрон манзилга - farmkomitet@minzdrav.uz ёки қуйидаги манзилга - 100002, Тошкент ш., Озод кўчаси, К. Умаров тор кўчаси, 16-уй жўнатилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, ҳар бир дори воситасини шифoкор кўрсатмаси ва рецепти ҳамда назоратида олишни унутманг. Ва ҳар бир дорининг ўз ножўя таъсирлари кузатилиши мумкин.

Ҳозирги вақтгача Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фармакология қўмитасига «Фавипиравир» препаратини қўллаш оқибатида кузатилган ножўя таъсирлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech