Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

“Рутан” препаратининг бир қатор клиник тадқиқотлари ўтказилиб, иммунитет шаклланишида ёрдам берувчи дори воситаси сифатида тавсия этилди

Кеча АОКАда Ўзбекистон Фанлар академияси матбуот котиби Моҳира Жуманова иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда CОVID-19 вируси тарқалишининг олдини олиш, даволаш ва таҳлил услублари, воситаларини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот натижалари ҳақида маълумот берилди.

Брифингдан муҳим маълумотлар:

Биоорганик кимё институти олимлари томонидан 2015 йилда яратилган “Рутан” препаратининг бир қатор клиник тадқиқотлари ўтказилиб, иммунитет шаклланишида ёрдам берувчи дори воситаси сифатида тавсия этилди.

Хитойлик ҳамкорлар томонидан “Рутан” препаратининг қўшимча ва ножўя таъсирлари йўқлиги, токсиклик даражаси ниҳоятда паст бўлгани учун вирусларга қарши қўлланилаётган бошқа дори воситаларига нисбатан унинг даволаш самараси юқори бўлиши ва ушбу дори воситасини профилактика сифатида қўллаш мумкин, деган хулоса келтирилган.

Мазкур дори воситасини GMP талабларига жавоб берувчи Ўзбекистон-Хитой корхонасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва ушбу дори воситасидан 19 500 донаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди.

Институтда ўткир респиратор инфекцион касалликларга қарши ишлаб чиқилган 30 та янги биологик фаол бирикмаларни COVID-19 вирусига қарши таъсирини синовдан ўтказиш мақсадида Хитойнинг Шанхай тиббий материя институтига етказиб берилган ва ҳозирда бу бирикмаларни коронавирусга қарши таъсири скрининг қилинмоқда.

Қисқа муддатда Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари томонидан вирусларнинг РНКсини ажратиб олувчи тўплам ишлаб чиқилиб, “Энкор” номи билан рўйхатдан ўтказилди ва ҳозирда уни саноат миқёсида ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Шу билан бирга, Институтда тест система ишлаб чиқилди ва ҳозирда лаборатория синовлари олиб борилмоқда.

Коронавирус РНК сини ажратишга мўлжаллаб ишлаб чиқилган ушбу тўплам дунёда ишлаб чиқариладиган аналоглари билан таққосланганда сезгирлиги, айниқса, кам вақт талаб қилиши (1 соат), қулайлиги ва арзонлиги (камида 30% га арзонроқ) каби устунликларга эга. Бундан ташқари, ушбу тўплам ёрдамида кўпгина вирусли касалликларни, жумладан, гепатит В, гепатит C, одам иммун танқислиги вируси (ВИЧ) РНК/ДНКсини ажратиш мумкин.

Ўсимлик моддалари кимёси институти томонидан “Никлозамид” субстацияси ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Жаҳонда “Никлозамид”нинг коронавирусга қарши хусусиятлари аниқланган ва шу муносабат билан у Франция ва Сингапур давлатларида яқин вақтларда клиник синовлардан ўтади.

“Никлозамид” гелминтларга қарши препарат бўлиб, кўпгина мамлакатларда ишлаб чиқарилади. Бу препарат “Фенасал” номида Ўсимлик моддалари кимёси институтида ишлаб чиқарилади. Ҳозирда Институт томонидан “Фенасал”нинг ингаляцион шаклини ишлаб чиқариш бўйича дастлабки фармакологик ишлар олиб борилмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech