Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

2022 йил 1 июндан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида қандай ўзгаришлар кучга киради?

Kun.uz сайти 2022 йил 1 июндан Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори оширилади

Президент фармони билан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 12 фоизга оширилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

▪️ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 920 000 сўм;
▪️ базавий ҳисоблаш миқдори — ойига 300 000 сўм этиб белгиланади.

Давлат тиббиёт муассасалари ходимларининг иш ҳақи оширилади

Президент фармонига асосан давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари:

▪️ олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 15 фоизга;
▪️ иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 10 фоизга;
▪️ тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун — 15 фоизга оширилади.

Бунда, тиббиёт муассасаси ходимларининг тариф ставкаларини ҳисоблаш амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентларини тегишинча 1,15 ва 1,1 баробарга кўпайтириш орқали амалга оширилади.

Ходимларга ички туризм харажатларининг бир қисми қоплаб берилади

Президент қарорига кўра, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида:
▪️ жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилади;
▪️ саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаб берилади.

Айрим хорижий давлатларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакили иш бошлайди

Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтириш мақсадида Россия Федерацияси, Туркия Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг бир қатор ҳудудларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакиллик институти жорий қилинади.

Давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитишнинг янги тартиби жорий этилади

Президент фармони билан давлат ва нодавлат таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитишнинг янги тартиби жорий этилади. Бунда:
▪️ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳузурида малакани баҳолаш марказлари ташкил этилади;
▪️ малакани баҳолаш марказлари касбий малака талабларини ишлаб чиқади ва салоҳиятли таълим муассасаларига давлат буюртмасини беради;
▪️ ўқув курсларини тугатган хотин-қизлар билими даражаси малакани баҳолаш марказлари томонидан аниқланади ва шу асосда уларга малака сертификатлари берилади;
▪️ малака сертификатини олган хотин-қизларга меҳнат фаолиятини бошлаши учун ўқиш харажатларига тенг миқдорда малакани баҳолаш марказлари томонидан субсидиялар берилади;
▪️ малакани баҳолаш марказлари томонидан умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар мактаблари, академик лицей ва коллежларнинг битирувчи синф ўқувчи-қизларини ахборот технологиялари йўналишларида қўшимча курсларда ўқитиш бўйича давлат буюртмаси берилади.

Шунингдек, фармонга асосан маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил қилинади.

«Ёш ватандошлар реестри» иш бошлайди

Ҳукумат қарорига биноан ёш ватандошларнинг маълумотларини ўз ичига оладиган «Ёш ватандошлар реестри» автоматлаштирилган ахборот тизими иш бошлайди ҳамда хорижий давлатларда фаолият юритаётган ёш мутахассис ва ёш ватандошларнинг унда рўйхатдан ўтиши ташкил этилади.

Волонтёрлар электрон платформаси ишга туширилади

Ҳукумат қарорига асосан ташкил этилаётган платформа қуйидагиларни амалга ошириш имконини беради:
▪️ волонтёрларнинг ижтимоий аҳамиятга молик тадбирлар, лойиҳалар ва акциялардаги иштироки, шунингдек, давлат органлари фаолиятига кўмаклашган даврини қайд этиб бориш;
▪️ волонтёрлар гуруҳига киритилган волонтёрларни ҳисобга қўйиш;
▪️ ҳудудлар ва фаолият йўналиши бўйича волонтёрлик ёрдамини жалб қилишга қизиқиш билдираётган давлат органлари рўйхати ҳамда уларнинг тадбирлари, лойиҳалари ва акцияларини жойлаштириш;
▪️ давлат органларининг волонтёрлар билан ишлашига оид методик тавсияларни жойлаштириш;
▪️ волонтёрлик фаолиятини чет элда амалга ошириш.

Жисмоний шахсларга шахсий идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча ёки доимий яшаётган чет давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, хорижий давлатда доимий яшайдиган чет давлат фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб турган ёки ўз фаолиятини ишончли вакили орқали амалга ошираётган чет давлат фуқароларига шахсий идентификация рақамларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.

«Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар ОТМга кириш тестларида қатнашганлик учун ундириладиган тўловдан озод этилади

Президент фармони билан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилади.

Шунингдек, давлат хизматидан фойдаланишда ундириладиган тўловларни Марказларда жойлашган тижорат банклари шохобчасидан амалга оширганда икки фоизгача бўлган тижорат банкининг комиссия суммаси учун алоҳида тўлов ундирилмайди (бундан давлат божи тўловлари мустасно).

ЯИДХП орқали бир қатор давлат хизматларини кўрсатишда электрон рақамли имзо талаб этилмайди

Президент фармонига асосан 38 турдаги давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилганда электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

Оилавий поликлиника ходимларининг кундузги иш вақти узайтирилади ҳамда уларга қўшимча устама ҳақи тўланади

Президент қарорига кўра, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилади ҳамда уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун қўшимча устама ҳақи белгиланади.

Шунингдек, қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимларини гепатит «В» касаллигига қарши бепул эмлаш амалиёти жорий этилади.

Касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик стипендия тўланади

Президент қарорига асосан «Ишга марҳамат» мономарказларида инклюзив таълим асосида касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси билан бир вақтда, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан БҲМнинг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик стипендия тўлаб берилади.

Аббос Салайдинов тайёрлади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech