Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Андижонда инвестиция лойиҳалари учун 100 миллион доллар ажратамиз – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида 584та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 60 мингта янги иш ўрни яратилиши, вилоятдаги лойиҳаларга 100 миллион доллар йўналтирилишини маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

«Вилоятда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида, жорий йилда 10 мингта янги тадбиркорлик субъектини ташкил этиш (ўтган йили – 7,7 мингта) ва шу орқали камида 30 мингта янги иш ўрни яратишни назарда тутилсин.

Бундан ташқари, ҳар бир тадбиркор ўз ёнида камида икки кишини банд қилишини ташкил этиши лозим. Худди шундай, аҳоли сонига нисбатан хизмат кўрсатиш объектлари кам бўлган ҳудудларда янги хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш, Андижон ва Хонобод шаҳарларининг туризм салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Биз жорий йилда вилоятда ўрта ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча равишда 100 миллион доллар ажратамиз.

Жорий йилда жамоат ишлари, кооператив ва томорқа хўжалигида 64 минг нафар ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш керак. Бунга Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 54 миллиард сўм йўналтирилади.

Такрорий экин, чорвачилик, паррандачилик, пиллачилик, иссиқхона йўналишларида камида 400 мингга яқин аҳоли бандлигини таъминлаш лозим.

Вилоятда 2021-2022 йилларда умумий қиймати 19,8 триллион сўм (ёки 1,8 миллиард доллар) бўлган, 584та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 60 мингта янги иш ўрни яратилади.

Саноатда – 13,8 триллион сўмлик 298та, хизмат кўрсатиш соҳасида – 4,4 триллион сўмлик 161та, қишлоқ хўжалигида – 1,5 триллион сўмлик 125та лойиҳа ишга туширилади. Бунда айниқса, юқори салоҳиятга эга бўлган тўқимачилик, қурилиш материаллари, электротехника, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика ва маҳаллий саноат – драйвер соҳаларга айланиши керак.

Жумладан, тўқимачиликда 2021-2022 йилларда 560 миллион долларлик 114та лойиҳа амалга оширилади. Ушбу лойиҳалар ҳисобидан ип-калавани қайта ишлаш даражаси 57 фоиздан 85 фоизга етказилади. Қурилиш материаллари саноатида 343 миллион долларлик 52та лойиҳа амалга оширилади», – деди давлат раҳбари ўз нутқида.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech