Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Антибиотиклар ҳақида муҳим саволларга 22 та жавоб

1. Алкоголь антибиотиклар самарадорлигини пасайтириши тўғрими?

Спиртли ичимликларни кам миқдорда ичиш антибиотикларга касаллик чақирувчи бактериялар билан курашишга халақит қилмайди. Яъни, назарий жиҳатдан ичиш мумкин. Бироқ барибир бундай қилиш ярамайди.

2. У ҳолда нима учун спиртли ичимликларни ичиш мумкин эмас?

Чунки у антибиотикларнинг қўшимча таъсирини кучайтиради: уйқу чақириш, бош айланиши, енгил кўнгил айниши, ошқозон бузилиши.

Яъни сиз:

➖ кучли бош оғриғи;
➖ ошқозондаги оғриқ ва қайт қилишлар;
➖ ҳаддан ташқари кўп терлаш;
➖ юракнинг тез-тез уриши;
➖ қон босимининг кескин равишда кўтарилиши;
➖ жигарнинг шикастланиши;
➖ ўлим ҳолати юзага келиши мумкин.

Бу вақтда организм инфекциялар сабаб кучсизлангани ҳисобга олинса, алкоголь истеъмол қилиш (у соғлиққа таъсир қилмаса ҳам) соғайиш жараёнини секинлаштириши мумкин.

3. Айтишларича, антибиотикларни апельсин шарбати ва сут билан ичиш мумкин эмас экан. Шундайми?

Ҳа. Апельсин, грейпфрут, олма, ананас ва бошқа мева шарбатлари, шунингдек, сут ҳам антибиотикнинг сўрилиш жараёнини ўзгартириб, даволаш самарадорлигига таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳа айтганча, юқорида номи келтирилган шарбатларни дори қабул қилгандан уч соат ўтгач ичса бўлади.

4. У ҳолда дорини нима билан ичган маъқул?

Энг тўғри йўл – хона ҳароратидаги сув билан. Бир стакан сувнинг (200 мл) ҳаммасини ичишга ҳаракат қилинг. Бу кўнгил айниши ва ошқозон билан боғлиқ бошқа қўшимча таъсирлар эҳтимолини камайтиради.

5. Антибиотикларни овқат вақтида қабул қилса бўладими?

Бу антибиотикнинг турига боғлиқ. Айримлари фақат оч қоринга ичилади: ана ўшандагина самарали бўлади. Айримлари эса аксинча қорин тўқ бўлган вақтда қабул қилинади. Бу бўйича шифокорингиз билан маслаҳатлашинг ва ҳеч бўлмаганда дори қутисидаги йўриқнома билан танишиб чиқинг.

6. Антибиотик билан бирга истеъмол қилиш мумкин бўлмаган маҳсулотлар борми?

Озиқ-овқатлар бўйича қатъий чекловлар йўқ, рационни ўзгартириш шарт эмас. Юқорида антибиотикларни сут билан ичиб бўлмаслиги айтиб ўтилди. Сариёғ, йогурт, пишлоқ, шунингдек, таркибида кальций бўлган озиқ қўшимчаларни дори ичишдан бир-бир ярим соат олдин ва дори ичилганидан кейин уч соатгача истеъмол қилиб бўлмайди.

7. Дорилар-чи?

Спирт асосидаги ҳар қандай препаратлар тавсия этилмайди. Айтганча, оғизни чайиш воситалари таркибида ҳам алкоголь бўлиши мумкин. Шунинг учун ўрамларни диққат билан ўқинг. Бошқа дориларга келадиган бўлсак, муайян антибиотикнинг йўриқномасида мумкин бўлмаган комбинациялар кўрсатиб ўтилади. Ана уларни назардан қочирмаслик керак, акс ҳолда, дорилар бир-бирининг қўшимча таъсирини кучайтириши ёки самарасиз бўлиши мумкин.

8. Қўшимча таъсирни камайтириш учун антибиотиклар дозасини камайтирса бўладими?

Йўқ. Акс ҳолда, нафақат организм, балки бактериялар учун хавфни ҳам камайтирасиз. Натижалар салбий бўлади. Йўқ қилинмаган микроблар тезда мутация қилиб антибиотикка мослашади, яъни унга реакция қилмай қўяди. Тузалиб кетолмайсиз, шифокор сизга яна бошқа дорилар ёзиб беришига тўғри келади.

Ёдингизда бўлсин: антибиотик дозаси энг бошдан препарат бактерияларни самарали йўқ қилиши ва шу билан бирга сизга камроқ хавф туғдиришини ўйлаб ҳисобланган.

9. Осон ютилиши учун дориларни майдаласа бўладими?

Йўқ. Бу антибиотикка ишлашда халақит қилиши мумкин.

10. Антибиотикларни қандай қилиб кунига бир неча марта тўғри қабул қилиш мумкин?

Антибиотикнинг самараси кун давомида бир текисда тақсимланиши лозим. Шунинг учун “кунига икки маҳал ичиш” сўз бирикмаси ҳар 12 соатда қабул қилишни англатади. Агар гап уч марта қабул қилиш ҳақида борса, оралиқ вақт 8 соатгача камаяди.

11. Антибиотиклар гормонал контрацептивлар самарасини камайтириши тўғрими?

Ҳа. Контрацепциянинг қайси усулидан фойдаланишингизни шифокорга айтинг. Мутахассис ҳомиладорлик бўлмаслиги учун қандай чора кўришни маслаҳат беради.

12. Нима учун антибиотиклар ичаклар билан боғлиқ муаммоларни юзага келтиради?

Антибиотикларнинг асосий вазифаси – касаллик қўзғатувчи бактерияларни ўлдириш. Бироқ кенг таъсирга эга антибиотиклар қўлланганида ичакдаги фойдали бактериялар ҳам зарар кўради. Натижада микроорганизмлар мувозанати бузилади ва ич кетиши, қорин дам бўлиши кам ҳолатлар кузатилиши мумкин. Антибиотикларни бир ҳафта давомида ичиш ичак микрофлораси таркибини бир йилгача ўзгартириши мумкин.

13. Ичаклар тезроқ тикланиши учун қандай ёрдам берса бўлади?

Пробиотиклар қабул қилиш керак. Тирик микроорганизмларга эга биоқўшимчалар ана шундай аталади. Улар антибиотиклар томонидан бўшатилган ичакни тўлдириб, микрофлорани нормал ҳолатга келтиради ва бузилишлар эҳтимолини камайтиради.

14. Йогурт ёки кефир ичиш ичаклар микрофлорасини яхшилашда ёрдам берадими?

Пробиотиклар озиқ-овқат таркибида ҳам бўлади. Ичаклар ҳолатини яхшилашда антибиотиклар билан даволаниш вақтида ва ундан кейин истеъмол қилинган ферментлашган маҳсулотлар ёрдам беради:

   - кимчи сабзавотлари;
   - сирка қўшмасдан тайёрланган тузламалар;
   - йогурт ва кефир.

15. Мен антибиотиклар бир курсини ичдим, бироқ ҳали ҳам тузалмадим. Нима қилиш керак?

Инфекция қайтган бўлса, бу яхши белги эмас. Балки бактериялар ўша дорига адаптация қилган бўлиши мумкин. Бироқ бошқача ҳолат бўлиши эҳтимоли ҳам бор: иммунитет пасайгани сабаб янги бактериал инфекцияни юқтириб олгандирсиз. Ҳар нима бўлганида ҳам шифокор билан маслаҳатлашинг. У даволаниш протоколингизни кўздан кечириб, яна антибиотик буюради. Курслар орасидаги вақтга амал қилиш керак эмас. Вазифангиз – касалликни тезроқ енгиш.

16. Антибиотиклар тез-тез ичилса, таъсир қилмай қўйиши мумкинми?

Мумкин эмас, аниқ шундай бўлади. Микробларнинг антибиотикларга нисбатан барқарорлиги инсон саломатлиги учун жиддий хатарлардан саналади. Микроорганизмлар мутацияни бошдан кечириб, дориларга мослашади. Бу жуда хавфли. Антибиотиклар таъсир қилишда давом этиши учун уларни қабул қилишдаги муҳим қоидаларга риоя этинг.

17. Организмга хавф туғдирмаган ҳолатда йилига неча марта антибиотик қабул қилса бўлади?

Антибиотиклар витаминлар эмас. Улар фақат шифокор кўрсатмаси билан ичилади. Агар сизда бактериал инфекция бўлса, шифокор ўтган йили қанча антибиотик қабул қилганингизни ҳисобга олмай ҳам антибиотик буюраверади.

18. Болаларга антибиотик ичиш мумкинми?

Албатта. Агар болада шифокор фикрига кўра (фақат ва фақат шифокор!) антибиотик буюришни талаб қилувчи бактериал инфекция бўлса.

19. Антибиотикларни қабул қилиш қон таҳлилига таъсир қиладими?

Ҳа. Айрим антибактериал препаратлар:

   - Лейкоцитлар даражасини туширади. Хусусан, кенг таъсирга эга левомецетин (хлорамфеникол) ана шундай реакция беради.
   - Гистамин даражасини оширади. Гликопептид антибиотиклар ана шундай ишлайди.
   - Жигардаги синовлар натижаларини ўзгартиради. Пенициллин ва стрептомицин ана шундай самара беради.

Бундан ташқари, антибиотиклар гемоглобин, тромбоцитлар даражасини пасайтириши мумкин. Шифокорлар бу каби ўзгаришлардан хабардор.

20. Антибиотиклар қон таҳлилига таъсирини қачон тўхтатади?

Ўзгарган натижаларни олмаслик учун қонни антибиотиклар курсидан 14 кун ўтгач топширинг.

21. Антибиотиклар қабул қилинаётганида тобланиш мумкинми?

Тавсия этилмайди. Айрим антибиотиклар терининг фотосезгирлигини оширади. Натижада шоколад рангидаги тобланиш ўрнига доғ ёки куйишни орттириб олишингиз мумкин. Ёки энг яхши ҳолатда тобланиш терида бир текис бўлмайди. Одатда йўриқномада қўшимча таъсир ҳақида ёзилади. Агар шубҳалансангиз, шифокор билан маслаҳатлашинг.

22. Спорт билан шуғулланиш мумкинми?

Яхшиси шуғулланмаган маъқул. Антибиотикларнинг қўшимча таъсири кўп – диареядан тортиб, юрак аритмиясигача. Шунинг учун агар имкони бўлса, антибиотикларни қабул қилиш вақтида жисмоний машғулотлардан воз кечган маъқул. Агар фитнес билан шуғулланишни давом эттиришни истасангиз, машғулотлар давомийлигини қисқартиринг.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech