Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

АҚШ Ўзбекистонга 200та сунъий нафас бериш аппаратларини тақдим этди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм иштирокида Америка Қўшма Штатлари ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали коронавирусга қарши курашишда кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистонга тақдим этган 200та замонавий сунъий нафас бериш аппаратларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати томонидан қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида 2 мингдан ошиқ сунъий нафас бериш аппаратлари мавжуд. Умумий қиймати қарийб 2,6 миллион доллар бўлган 200та сунъий нафас бериш аппаратлари эса АҚШ томонидан бундан аввал етказиб берилган 6 миллион доллардан ортиқ кўмакнинг давоми бўлди.

«Ўзбекистон кўп йиллардан бери АҚШ, жумладан, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айниқса, тиббий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, бирламчи тиббиёт ва даволаш муассасалари фаолиятини яхшилаш йўналишларидаги ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда.

Мутахассисларимиз АҚШнинг етакчи клиникаларида амалиёт ўтаб келишмоқда. Биргина 2019 йилда 14 нафар мутахассис малака ошириб қайтишди. Мичиган, Сент-Луис, Шимолий Каролина университетлари профессор ва олимлари доимий тарзда юртимизга келиб, тажриба алмашишмоқда. Ушбу тақдим этилган аппаратларнинг афзаллиги фойдаланиш учун содда, кўп функционал ҳамда беморларни турли транспорт воситаларида ташиш жараёнида ҳам қўлланилиши мумкин эканлигидир. Ушбу инсонпарварлик ёрдами  Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида коронавирус пандемиясини енгиш борасида олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларининг мантиқий давоми бўлди», дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

Тақдим этилган сунъий нафас бериш аппаратлари Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш муассасаларининг техник инфратузилмаси, ҳатто минтақавий иқлимни ҳам ҳисобга олган ҳолда махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилгани, хусусиятларига кўра, ушбу қурилмалар стационар даволанишда интенсив терапия учун ҳам, аэротиббий транспортда ёки тез ёрдам машиналарида беморни ташиш пайтида ҳам қўлланиши қайд этилган.

«COVID-19 шароитида барча мамлакатлар глобал ҳамжамият сифатида ҳаракат қилиши лозим. Бу чегара билмас вирус барчамизга ўз таъсирини ўтказмоқда. Шу боис, мамлакатимиз унга қарши курашишда зарур бўлган воситалар ҳамда техник кўмак тақдим этиш орқали Ўзбекистон ва бошқа давлатларни қўллаб-қувватламоқда. Америка хусусий сектори билан ҳамкорликда етказиб берилган бу сунъий нафас бериш ускуналари Ўзбекистонда оғир касалларни даволаш имкониятини янада мустаҳкамлайди», деган АҚШ элчиси.

Тадбирда Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бу ускуналарни мамлакат бўйлаб тиббиёт муассасаларига етказиб бериш, ташиш ва жойлаштиришни режалаштиришда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлардаги соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор томонлар билан иш олиб бораётгани таъкидланган.

«Тақдим этилган ускуналар энг юқори сифатли бўлиб, замонавий технология асосида АҚШда ишлаб чиқарилган. Улар ихчам, ўрнатилиши осон ҳамда инвазив ва ноинвазив усулларда қўлланилиши мумкин. Бу эса ўзбекистонлик шифокорларга вирус билан оғриган беморларни даволашда қулайлик туғдиради. Шунингдек, USAID тиббиёт ходимлари учун тренинг машғулотлари ўтказиш ва ускуналарга техник хизмат кўрсатишга маблағ ажратади. Натижада шифохоналар бу даволаш ускунасидан кўп йиллар давомида хавфсиз фойдаланишни давом эттириши мумкин. Мазкур тиббиёт ускунасини нафас олиш билан боғлиқ бошқа касалликларни даволашда ҳам ишлатса бўлади», дейилади вазирлик хабарида.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech