Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Дорихона ходими дори воситаларини дорихонага қабул қилишида ушбу дори воситаларини қалбаки эмаслиги, сифатсиз ёки ғайриқонуний нусхалар эканлигини қаердан билади?

Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонуни 20-моддасида cифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланиши белгиланган.

Cавол:

Дорихона ходими дори воситаларини дорихонага қабул қилишида ушбу дори воситаларини қалбаки эмаслиги, сифатсиз ёки ғайриқонуний нусхалар эканлигини қаердан билади?

Жавоб:

Дорихона ходими дори воситаларини дорихонага қабул қилаётганда қуйидагиларга эътибор бериш керак:

1️⃣ - Дори воситаларини ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилаётган ташкилотнинг фармацевтик фаолият бўйича лицензияси борлигини текшириш;

Маълумот учун: Фармацевтика фаолияти (дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш бундан мустасно) билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган ташкилотлар рўйхати Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг расмий сайтида мавжуд.

2️⃣ - Дори воситалари, тиббий буюмлар ҳамда тиббий техниканинг тиббиёт амалиётида қўлланилиши учун давлат рўйхатидан ўтказилганлиги текшириш;

Маълумот учун: Белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ҳақида Давлат маркази расмий сайтида маълумотлар мавжуд.

Огоҳ бўлинг! Cифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

3️⃣ - Дори воситаларини ва тиббий буюмларни ишлаб чиқарган корхонанинг фармацевтик фаолият учун белгиланган тартибда бериладиган лицензиясининг борлигини текшириш;

Маълумот учун: Лицензия олиниши ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар олиниши шарт бўлган фаолият билан лицензиясиз ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик (https://t.me/farmhuquq/134) белгиланган!

4️⃣ - Дори воситаларини ва тиббий буюмларни аккредитациядан ўтган сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатига эгалигини текшириш;

Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган сертификатлаштирилмаган маҳсулотни реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

5️⃣ - Дори воситаларининг яроқлилик муддатини текшириш;

Маълумот учун: Дори воситасининг иккиламчи қадоғи ёрлиғида, у бўлмаган тақдирда, дори воситасининг бирламчи қадоғида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

▪️дори воситасининг савдо номи;
▪️дори воситасининг халқаро патентланмаган номи (агар мавжуд бўлса);
▪️дори воситасининг ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг номи ва унинг жойлашган жойи (почта манзили тўлиқ ёки қисқартирилган шаклда кўрсатилган), товар белгиси;
▪️ҳарорат режими кўрсатилган сақлаш шароитлари, сақлаш хусусиятлари;
▪️бериш шартлари (рецепт бўйича ёки рецептсиз);
▪️дори воситасининг серия рақами;
▪️ишлаб чиқарилган сана
яроқлилик муддати, штрих-код (агар мавжуд бўлса).

Яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилиш жавобгарликка сабаб бўлади!

Булардан ташқари, сифатсиз, яроқлилик муддати ўтган шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилиш - фармацевтик фаолият учун берилган лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келадиган, лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланади!

Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилувчи ташкилот раҳбарлари ва ҳурматли юртдошлар!

Aгарда Сиз сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларга дуч келсангиз Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментиниг 71-233-1007 ишонч телефонига мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech