Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Дунёдаги вазият: дексаметазонга юқори талаб ва Лотин Америкасида 100 мингдан ошиқ ўлим

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга чалинган оғир аҳволдаги беморларни даволашда самарали бўлган дексаметазон дорисини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга чақирди.  Ташкилот раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус Оксфорд университети олимларининг ушбу доридан фойдаланиш устунликлари ҳақидаги тадқиқоти эълон қилиниши ортидан препаратга бўлган талаб кескин ошганини таъкидлади. Клиник синов даврида стационарлардаги 2 мингга яқин бемор дексаметазон воситасида даволанган. Маълум бўлишича, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган беморларда дексаметазон қўлланиши орқали ўлим кўрсаткичи 40 фоиздан 28 фоизга тушган, эсктрокорпорал мембрана оксигенация аппаратига (қонга кислород етказиб беради) улаб қўйилган беморларда эса 25 фоиздан 20 фоизга пасайиш кузатилган.

«Биз учун навбатдаги синов ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва дексаметазонни дунё бўйлаб тез ва адолатли тақсимлашдир, препарат биринчи навбатда ўта зарур ҳудудларга етказилиши керак», деган ЖССТ раҳбари.

Дексаметазон яллиғланишга қарши таъсир хусусиятига эга. ЖССТ ушбу препаратни фақат оғир аҳволдаги ва тиббиётчилар назорати остидаги беморларга қўллашни тавсия этмоқда.

  • Дексаметазон бу — ўтган асрнинг 60-йилларидан бери яллиғланишга қарши восита сифатида фойдаланиб келинадиган стероид. У онкологияда ҳам қўлланилади. Ташкилотнинг қайд этишича, ушбу дори воситасининг ижобий таъсири фақат касалликнинг оғир босқичида бўлган беморларда кузатилган.

Лотин Америкасидаги ўлим даражаси

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатларида Covid-19 қурбони бўлганлар сони 100 мингдан ошди. Ўлимларнинг ярми Бразилия ҳиссасига тўғри келади, бу мамлакат коронавирусдан ўлим кўрсаткичи бўйича фақат АҚШдан ортда қолмоқда. Мексикада 23 мингдан ортиқ киши касалликдан вафот этган. Қўшни давлатлардан фарқли ўлароқ, Бразилия ва Мексика давлатлари қатъий карантин чоралари қўлламасликка қарор қилганди. Шунингдек, Перу ва Чили ҳам кўп қурбон берди - мос равишда 8,4 минг ва 4,5 минг ўлим.

Лотин Америкасида янги касалланиш ҳолатлари ўсиши АҚШ ва Европадаги темпдан ҳам юқорироқ. Экспертларнинг баҳолашича, минтақадаги аксар давлатларда пандемия ҳали энг юқори нуқтасидан ўтиб бўлмади.

Нью-Деҳлида касаллик яна авж олмоқда

Ҳиндистон пойтахтида аҳвол яна оғирлашган - сўнгги бир кунда бу шаҳарда қарийб 4 минг янги ҳолат аниқланган ва бу пандемия давридаги энг юқори кунлик ўсиш кўрсаткичидир. Деҳлида пандемия бошланганидан буён 66 мингдан ортиқ кишида Covid-19 аниқланган, бундан юқорироқ кўрсаткич фақат Мумбайда қайд этилган.

Шаҳардаги ҳолатларнинг кўпчилигининг юқтириш манбаси номаълум, ҳукумат касалланганларнинг ҳаракатини янада синчковлик билан ўрганиш ва контактларни аниқлашни ваъда қилган. Ҳиндистон май ойи охирида карантин чораларини юмшатган, аммо касаллик тарқалиши тезлиги юқорилигича қолган. Мамлакатда шу вақтгача 440 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолати қайд этилган, 14,4 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Эронда иккинчи тўлқин

Эрон соғлиқни сақлаш вазири коронавирус тарқалиши олдини олиш учун мамлакат аҳолисини ниқоб тақиб юришга чақирди. «Шундай қилишимиз керакки, ниқоб тақиш мажбурий бўлсин... Агар биз ниқобдан фойдалансак, вирус тарқалишини секинлаштирамиз», деган вазир Алиризо Раисий.

24 июнь куни Эронда 133 киши вирус қурбони бўлди, бу 6 апрелдан буён энг юқори кунлик ўсишдир. Бундан ташқари, сўнгги олти кунда кунлик ўлимлар сони юздан кўп бўлмоқда. Мамлакатда шу вақтгача 212 мингдан ортиқ киши коронавирусдан зарарланган ва қарийб 10 минг киши вафот этган.

ЕИ ва Мальдив ороллари сайёҳлар учун очилмоқда, Нью-Йоркда ҳам соҳилда чўмилишга рухсат берилди

15 июль кунидан Мальдив ороллари сайёҳлар учун очилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Иброҳим Солиҳ маълум қилди. Хорижлик меҳмонларга оролга келгач коронавирусга тест топшириши мажбурий бўлмайди. Туризм Мальдив учун асосий даромад манбайи ҳисобланади. Март ойидан бери пандемия туфайли халқаро авиақатновлар тўхтатилган. Шу вақтгача орол аҳолиси орасида 2200 кишида коронавирус аниқланган. Европа иттифоқи чегараларни 1 июлдан очишни муҳокама қилмоқда, фақат эпидемиологик вазият оғир бўлиб турган давлатларга рухсат берилмайди. Хусусан, рўйхатда АҚШ ва Россия йўқ.

ЕИ «оқ рўйхат»нинг икки версиясини тузган. Биринчи рўйхатдан коронавирус юқтириш кўрсаткичи ЕИдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан паст бўлган 47 давлат ўрин олган. Иккинчи рўйхатга коронавирус юқтириш кўрсаткичи ЕИдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан сал юқори бўлган 54 мамлакат киритилган. Нью-Йоркда 1 июлдан яна соҳилбўйида чўмилиш мумкин бўлади. Бу ҳақда шаҳар мэри Билл де Блазио маълум қилган.

«Келинг, эҳтиёткорликка, ижтимоий масофа сақлашга амал қилайлик, соҳилда ҳам ниқоб тақиб юрайлик», дея ёзган у. Шаҳардаги пляжлар 25 майдан буён очиқ, аммо ҳалигача чўмилишга рухсат берилмаганди.

Манба

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech