Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейинги ишланган вақт иш стажига қўшилади

Президент имзолаган янги қонун билан энди I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейинги ишланган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланади. Махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тиббий ходимлари белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Президент томонидан 26 октябрь куни пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун [ЎРҚ-795-сон] имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Унга кўра, ихтисослашган тиббий муассасаларнинг шифокорлари ва ўрта тиббий ходимлари — махсус иш стажи шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овулларда камида 25 йил бўлган тақдирда охирги иш жойидан қатъи назар, белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қонунга мувофиқ, ўгай ота ва ўгай онанинг вафот этган ўгай ўғилни (қизни) тарбиялагани ёки боққанини аниқлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳисоблаб чиқарилган пенсияларга устама ҳақлар Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари бўлган шахсларга — пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 100 фоизидан 150 фоизигача белгиланади. Бунда уларнинг пенсиясига устама тўлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейинги ишланган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланади.

I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, фуқаронинг аризаси асосида иш стажи ва иш ҳақи инобатга олинган ҳолда пенсия ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилади. Бунда пенсияни қайта ҳисоблаш фуқаро пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилган санадаги ёшга нисбатан талаб қилинган иш стажидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech