Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Интеллектуал мулк агентлиги томонидан тузилган оригинал ва контрафакт дорилар каталоги юзасидан расмий муносабат

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан жамиятда интеллектуал мулкка нисбатан ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ҳурмат ҳиссини шакллантириш борасида амалга ошираётган ишларини эътироф этган ҳолда оригинал ва контрафакт дорилар каталогини яратишдаги ташаббусини маъқуллайди.

Бироқ, баъзи бир блогер ва ОAВлар томонидан мазкур ташаббус тўлиқ ўрганилмасдан (каталогда контрафактлиги айтилаётган дори воситаларини қалбаки деб) нотўғри тарғиб қилинаётгани дилни хира қилади.

Хўш, контрафакт ва қалбаки дори воситаларининг бир биридан фарқи нимада?

Контрафакт (инглизча "counterfeit" сохта дегани)  интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилган ҳолда мавжуд бўлган асл нусха асосида яратилган янги маҳсулот; сохта истеъмол товарларидир.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 4 январда тасдиқланган "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонуни 3-моддасида Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхалари — интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда муомалага киритилган дори воситалари;

Қалбакилаштирилган дори воситаси ва тиббий буюм — таркиби ёки хусусияти тўғрисида ёхуд ишлаб чиқарувчиси ҳақида ёлғон ахборот илова қилинган дори воситаси ва тиббий буюм (ҳақиқийлиги ёки келиб чиқиш манбаи атайлаб, фирибгарлик йўли билан қалбаки маркировкаланган фармацевтик маҳсулот) эканлиги белгилаб қўйилган.

Юқоридагилардан келиб чиқадиган бўлсак, контрафакт ва қалбакилаштирилган дори воситаси умуман бошқа бошқа тушунчалар ҳисобланади.

Қалбакилаштирилган дори воситалари одатда қуйидаги кўринишларда бўлади:

➖ ёрлиқда кўрсатилган фаол моддаларнинг бирортаси бўлмаган маҳсулотлар;
➖ ёрлиқда кўрсатилганидан ташқари, фаол моддаларни ўз ичига олган маҳсулотлар;
➖ кўрсатилган фаол моддаларнинг етарли бўлмаган миқдорини ўз ичига олган маҳсулотлар;
➖ ушбу фаол моддаларни ўз ичига олган маҳсулотлар, улар таркибида ҳар хил миқдордаги аралашмалар ҳам бўлиши мумкин.

Истеъмолчилар дори воситасининг қалбакилаштирилганини қандай аниқлашлари мумкин?

Aфсуски бугунги кунда қалбаки ва контрафакт шунингдек, сифати кафолатланмаган ноқонуний дори воситаларининг айланмаси бутун дунёни, жумладан Ўзбекистонда ҳам ташвишлантиради.

Қалбаки дори воситалари инсон саломатлигига жиддий хавф солувчи, кутилмаганда акс таъсир кўрсатиб, вазиятни баттар оғирлаштирган ҳолатда аянчли оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Қалбаки дори воситаси ҳар доим оригиналидан фарқ қилганлиги сабабли, дори харид қилаётганда қуйидагиларга эътибор беришимиз керак:

Нарх – қалбаки дори воситалари дорихоналарда оригинал дори нархига нисбатан арзон бўлади.

Маҳсулот қадоғи – ундаги ҳарфлар ва рақамлар ноаниқ, тасвирлар хира ва картон қутининг ўзи юпқа ва шаклини яхши ушламайди.

Серия, рақам, штрих-код, ишлаб чиқариш санаси тушуниб бўлмайдиган даражада ноаниқ бўлади.

Йўриқнома варағи босмахонада босилмаган, худди ксерокопия қилинганга ўхшайди. Қадоқдаги ва дорининг ўз қолипидаги ишлаб чиқарилган сана ва сақлаш муддатлари ҳар хил бўлиши мумкин.

Текшириш мумкин бўлган усуллар - агар сиз сотиб олган маҳсулот сифатига шубҳа қилсангиз ёки юқорида санаб ўтилган шубҳали белгиларни топсангиз, дарҳол дорининг ҳақиқийлигини текширишингиз керак.

Бунинг бир неча йўли мавжуд:

▪️ Дорихона фармацевтидан дори воситасига тегишли бўлган мувофиқлик сертификатини сўрашингиз; (Сиз бунга тўлақонли хақлисиз)

▪️ Ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Давлат марказининг расмий веб-сайтига кириб, дори воситасининг номи, серияси, чиқарилган шакли, ишлаб чиқарилган санаси, ишлаб чиқарган мамлакат, Давлат рўйхатидан ўтган рақами, мувофиқлик сертификати берилган сана ва бошқа маълумотларни текширишингиз керак бўлади.

Дори воситаларининг контрафакт эканлигига шубҳаланганда кимга мурожаат қилиш керак?

Aгарда бирор дори воситасининг контрафакт эканлигига шубҳа қилсангиз, вазиятни ўрганиш ҳамда ноҳалол тадбиркорга нисбатан қонуний чора кўриш кераклиги ҳақида Интеллектуал мулк агентлигининг (71) 232-50-54 ишонч телефони ёки телеграмдаги @ima_monitoring_bot орқали мурожаат қилишингиз тавсия қилинади.

Қалбакилаштирилган дори воситаларини сотганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165¹-моддаси ва Жиноят кодексининг 186³-моддасига асосан жавобгарлик белгиланган.

Шу ўринда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Республикамизда фаолият юритаётган дорихона мудирлари ва ходимларини Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилишга йўл қўймасликликлари ҳақида огоҳлантириб, мазкур ҳолат - фаолият учун берилган лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келадиган, лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланишини маълум қилади.

Хулоса ўрнида, юқоридаги каби ўрганилмаган маълумотлар аҳоли ўртасида ишончсизлик ва негатив муносабатлар шаклланишига сабаб бўлиши мумкин. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати барча журналистлар, ОAВ вакиллари ва блогерларни ҳамкорликка чорлаб, соҳага оид саволлар бўйича доимо мулоқотга тайёр эканлиги билдиради.

Биз билан боғланиш: (71) 203-81-81 (ички рақам 175-176)

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech