Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Кийим-кечакларни жовонга, озиқ-овқат маҳсулотларини музлаткичга жойлаймиз, дори воситаларини-чи? Уларни қаерда сақлаш лозим?

Қай бири қаерга?

Аҳамият берган бўлсангиз, ҳар бир препарат йўриқномасида сақлаш қоидаси кўрсатилган. Дори воситаларини қуёш нури тўғридан-тўғри тушмайдиган ва намлик даражаси мўътадил бўлган жойда сақлаш керак. Таблетка ва капсула кўринишидаги препаратлар учун намлик даражаси ғоят муҳим. Уларни салқин ва қуруқ жойга қўйинг. Аэрозоль ёки спрей шаклидаги дорилар учун ёруғлик нури ва хона ҳарорати юқори бўлмаслигига эътибор қаратинг. Тиндирма (настойка) ёки томчи дорилар қўнғир (ҳимояланган) тусли идишларда ишлаб чиқилса-да, улар ҳам қуёшни «хушламайди».

Музлаткичга қўямизми?

Агар препарат йўриқномасида «Салқин ва ёруғлик нуридан ҳимояланган жойда сақланг» дейилган бўлса, ҳарорат кўрсаткичи 15 даражадан ошмаган ҳолда музлаткичга жойлаш мумкин. Шунингдек, «5 даража ҳароратдан ошмаган ҳолда сақлансин» дея кўрсатма берилган бўлса, дориларни музлаткичга қўйса бўлади. Суртма ва мойли дорилар, шамчалар ҳамда суюқ кўринишдаги препаратлар учун музлаткич эшигидаги қаватлар муносиб танлов.

Муддати қанча?

Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ўртача 2-5 йилга мўлжалланган. Аммо, кўрсатилган муддатдан кўра қандай шароитда сақланиши муҳим. Махсус дорихоналарда тайёрланиб бериладиган суюқ препаратлар 2-3 кун, кукун ҳолида сув аралаштириладигани эса 12-14 кунгача қўлланилиши мумкин. Уй шароитида тайёрланадиган дамлама ва қайнатмаларни эса уч кундан ортиқ сақлаб бўлмайди. Фойдаланиш жараёнида, албатта, музлаткичда туриши керак. Агар суюқ препарат юзасида кўпик ёки рангининг хиралишиши кузатилса, ундан воз кечинг! Муддати эскирган дориларни эса канализация қувурларига оқизиш мумкин эмас! Яхшиси, қутисига солиб, оғзини беркитинг-да, чиқинди челагига ташланг.

Фармацевтика фанлари номзоди,
доцент Муаттар Хўжаева

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech