Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Коронавирус оддий микроб ёхуд бактерия эмас, шуни асло унутманг!

Айни пайтда бутун дунёда ва юртимизда кузатилаётган коронавирус пандемияси ҳақида интернет тармоқларида турли-туман маълумотлар бериляпти. Рости гап, уларнинг қай бири ишончли эканлигини фарқлаш ёки англаш қийин кечяпти. Шу ҳақда газетада соҳа мутахассисларининг содда ва илмий асосланган фикр-мулоҳазалари мунтазам бериб борилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Дилбар ФАЙЗИЕВА, Тошкент шаҳри

Дарҳақиқат, шу кунларда кўпчиликда вируслар ўзи нима, улар қаердан пайдо бўлади, микроблардан нимаси билан фарқ қилади, бу балони қандай даф қилиш мумкин, деган саволлар туғилиши табиий. Вирус сўзи лотинчадан олинган бўлиб, заҳар деган маънони англатади. Микроблардан фарқли равишда ҳужайра тузилишига эга бўлмаган кичик бир заррадир. Улар асосан шарсимон (грип, қизамиқ, тепки қўзғатувчи вируслар), таёқчасимон ва кубсимон кўринишда бўлади. Жуда кичик бўлгани учун оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Уларни ҳатто тиббиёт муассасалари лабораторияларидаги микроскоплар орқали ҳам кўришнинг иложи йўқ. Фақат 50-100 минг катталикда кўрсата оладиган электрон микроскопда, махсус ишлов берилган перепаратлар воситасида кўриш мумкин. Уларнинг катталиги 20 нанометрдан 350 нанометргача келади.

Вируслар микробларга қараганда анча кичкина. Тахминларга қараганда вируслар миллион йиллар аввал одам, ҳайвон ёки ҳашорот ҳужайралари элементларидан ҳосил бўлиб, кейинчалик мустақил тирик заррачаларга айланиб қолган. Кўп ирсий ва таркибий компонентлари тирик организм ҳужайралари элементларига ўхшаб кетади. Вируслар фақат тирик организм (умуртқалилар, ҳашоротлар ва ўсимликлар) ҳужайралари ичида кўпаяди: ундан ташқарида яшай олмайди. Ҳайратланарлиси, вируслар ҳатто замбуруғ ва бактерияларнинг ичида ҳам бемалол кўпайиб, уларга қирғин келтириши мумкин. Вируслар барча тирик заррачалар орасида энг кичиги саналади ва ўзи алоҳида яшай олмайди. Чунки, ўзига керак бўладиган оқсил, аминокислота ва ферментларни синтез қилиш хусусиятига эга эмас. Содда қилиб айтганда, ўзига зарур бўлган энергия, озуқани ўзганинг ҳисобидан олади. Вируслар бу дунёда ўзгалар ҳисобидан яшайдиган энг кичик паразит саналади.


Тўлиқ шаклланган вирус заррачаси “вирион” деб аталади. У ички нуклеин кислота ва ташқи қобиқ (капсид)дан иборат. Шуниси диққатга сазоворки, унинг ичида нуклеин кислоталаридан фақат биттаси: ДНК ёки РНК бўлади. Улар гуруҳларга фақат мана шу хусусияти асосида ажратилади. Коронавируснинг ичи нуклеин кислотаси, ташқариси, қобиғи эса оқсиллардан иборат. Ундаги оқсил заррачалари доимо бошқа ҳужайра ичига кириб олиш пайида бўлади. Акс ҳолатда ҳалок бўлиши мумкин. Коронавирус бактериал фильтрдан бемалол ўта олади. Микроблар эса аксинча, ушланиб қолади. Лекин бундан коронавирус биз ҳозир тақиб юрган ниқобдан ўтиб кетар экан-да, деган хулосага келмаслик керак. Йўқ, ундай эмас. Улар одам аксирган ёки йўталганида оғиз ва бурун шиллиғи таркибида бўлади. Вирус анча қалин, яъни 4-5 қаватли докадан ўта олмайди. Лекин ниқоб, 3-4 соат тақиб юрилса, унда намлик миқдори ошиб кетади. Бундай пайтда, биринчидан, одамнинг нафас олиши қийинлашади. Иккинчидан, ниқоб ечиб ташлаб юборилганида ҳам вируслар у токи қуригунигача тирик ҳолда бўлади.

Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech