Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Масофавий муолажа: илк телемедицина клиникаси иш бошлади

2020 йилнинг 17 июль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда республикада илк бор телемедицина амалиётига старт берди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар берган.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали профессор ва шифокорлари Мўйноқ туманидаги 18 ёшгача бўлган сурункали касалликлари бор болаларни реал вақтда масофадан тиббий кўрикдан ўтказдилар. Тиббий кўрик жараёнида болалар текширилиб, уларга энг мақбул даво чоралари тавсия қилинди. Юртимизнинг чекка ҳудудларидан бири Мўйноқ туманида истиқомат қилувчи болалар мазкур туманда ташкил этилган замонавий Инновацион телемедицина клиникасига келиб, юртимизнинг энг етук шифокорларидан маслаҳатлар олдилар.

Мазкур Инновацион телемедицина маркази Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан юртимизнинг чекка ҳудудларидан бири Мўйноқ туманида ташкил этилди. Туман ҳокимлиги ажратган ер майдонида Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг Мўйноқни ривожлантириш махсус бошқармаси билан ҳамкорликда мазкур клиника биноси қуриб битказилди ҳамда АҚШнинг AMD компанияси билан ҳамкорликда телемедицинага оид барча керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Клиниканинг асосий вазифаси Мўйноқ мисолида Ўзбекистонда илк бор чекка ҳудудларда жойлашган аҳолини Республика марказидаги малакали шифокорлар ва дунёни исталган нуқтасидаги тиббиёт муассасаларидаги мутахассислар билан реал вақт оралиғида боғланиб (онлайн) тиббий кўрикдан ўтказиш ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш, терапевтик даво маслаҳатларини олиш имконини беради.

Таъкидланишича, шифокор беморни реал вақтда масофадан видеотасвирини кўрибгина қолмай, унинг ички органларидаги ўзгаришларни (ультратовуш аппарати), тери қопламини (дермаскоп), ЛОР касалликларини (отоскор), юрак-кон томир касалликларини (Стетоскоп, танометр, пульсоксиметр ва ЕКГ), кўз касалликларини (офталмоскоп) ва бошқа жиҳозлар ёрдамида худди бемор ёнида кўрик ўтказилган сифат билан тенг сифатли текширув усулларидан фойдаланиб беморга ташхис ва терапевтик даво ўтказиш имкони мавжуд. Бунда беморнинг чекка ҳудуддан Марказга келишига ҳожат қолмаслиги муҳимдир.

Бу турдаги Инновацион телемедицина клиникаларини келажакда барча вилоятлар чекка ҳудудларида ташкил этиш орқали аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши режалаштирилмоқда. Бу халқимиз ҳаёт сифатини яхшиланишига, чекка ҳудудларда яшовчи ҳамюртларимизнинг тиббиёт хизматларидан баҳраманд бўлишига хизмат қилади, дейилади хабарда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech