Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон президенти БМТ минбарида илк марта ўзбек тилида нутқ сўзлайди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда иштирок этади.

Kun.uz'нинг хабар беришича, давлат раҳбари БМТ олий минбаридаги бу галги чиқишида мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта давлат тили – ўзбек тилида нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёев илк марта Бош Ассамблеяда 2017 йил 12 сентябрда, БМТнинг Нью-Йоркдаги бош штаб-квартирасида чиқиш қилган эди. Президент нутқи ташкилотнинг 6та ишчи тилидан бири – рус тилида бўлган ва халқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олинганди.

Хусусан, Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари ўтказишни йўлга қўйиш, БМТнинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ишлаб чиқиш, Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш ва Афғонистон муаммосини ҳал этиш каби масалаларга оид 5та таклифидан 4таси ҳозирга қадар амалга ошди.

Жумладан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари мунтазам ўтказилмоқда. 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеяси «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини тасдиқлади, шу йили Оролбўйи минтақасида инсонлар хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолият бошлади. Айни пайтда БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси бўйича ишлар давом этмоқда, шу мақсадда инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумлари ўтказилди. 2018 йил мартида Тошкентда Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция ташкил этилиб, унинг якунида декларация қабул қилинди.

Давлат раҳбари навбатдаги маърузасида ҳам халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан муҳим ташаббуслар билан чиқиши кутилмоқда.

Қайд этиш жоиз, президент шу йил бошида Олий Мажлисга қилган мурожаатида 2021-2023 йиллар мобайнида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш масаласини илгари суриш ниятида эканини билдирган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистон БМТ аъзолигига 1992 йилнинг 2 мартида қабул қилинган. Республиканинг биринчи президенти Ислом Каримов биринчи бор 1993 йилда ташкилотнинг асосий маслаҳат органи – Бош Ассамблеяда нутқ сўзлаган. Шунингдек, Ислом Каримов 1995 йилда БМТнинг 50 йиллиги муносабати билан Бош Ассамблеянинг махсус тантанали йиғилишида ва 2010 йилда Бош Ассамблеянинг мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисида ҳам сўзга чиққан.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech