Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи: 5 йил ичида Ўзбекистонда фармацевтика саноати ривожланиши

2016-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида фармацевтика саноати соҳасида салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан, дори воситалари ишлаб чиқарувчилар 5 йил давомида барча солиқларни тўлашдан озод этилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорида ўсиш динамикаси (йилига 8-10 фоиз) бўйича МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторига кирди.

Ўзбекистонда фармацевтика соҳаси 1993 йилдан шаклланишни бошлади. Ўша йили Ўзкимёфарм заводи ва Вакциналар илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ўз ичига олган "Ўзфармсаноат" давлат концерни ташкил этилди.

2017 йилдан бошлаб мазкур соҳани янада ривожлантиришга эътибор кучайди. 2017-2021 йил март ойи давомида фармацевтика соҳасида ислоҳотларни олиб боришга қаратилган 44 та ҳужжат қабул қилинди.

Натижада, мамлакатимиз фармацевтика тармоғига сармоялар кўлами ошиб боришига ҳуқуқий замин яратилди.

Ҳозирги кунда маҳаллий дори-дармон ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича узоқ муддатли стратегия мавжуд бўлиб, давлат энг зарур дори препаратлари, инфузион эритмалар, вакциналар, қон препаратлари, бир марта ишлатиладиган қон қуйиш тизимлари ва қон ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ички эҳтиёжни таъминлаш сиёсатини амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг халқаро стандартлари татбиқ этилмоқда.

Дори воситалари ишлаб чиқарувчилар 5 йил давомида барча солиқларни тўлашдан озод этилиши белгилаб қўйилди. Янги ишлаб чиқариш кучларини ташкил этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошираётган компаниялар технологик асбоб-ускуналарни олиб киришда барча божхона тўловларини тўлашдан озод қилинди.

Фармацевтика бозори ҳажми

Ўзбекистоннинг фармацевтика бозори МДҲда Россия ва Украинадан кейинги учинчи йирик бозор ҳисобланади. Ўсиш динамикаси (йилига 8-10 фоиз) бўйича МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторига киради.

Ўзбекистон фармацевтика бозорида бугунги кунда 9000 турдаги дори воситалари, 1684 турдаги тиббий буюмлар ва 1529 турдаги тиббий техника маҳсулотлари истеъмол қилинмоқда.

2020 йилда фармацевтика соҳасида ички бозор ҳажми 1,4 млрд долларни ташкил этиб, унинг 17-20 фоизи маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан таъминланган.

Тегишли равишда, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг маълумотларига қараганда бугунги кунда Ўзбекистон фармацевтик бозорида 669 та улгуржи реализация билан шуғулланувчи ташкилотлар ва 13 957 та дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи дорихоналар ва уларнинг филиаллари мавжуд.

Ўзбекистон фармацевтика саноати

Ўзбекистонда фармацевтика компаниялари сони 1994 йилда 2 та, 2002 йилда 68 та, 2012 йилда 130 та бўлган бўлса, 2020 йил якунига кўра 220 та маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан 1271,8 млн. қадоқ, қиймати 2,47 трлн. сўмлик фармацевтик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Тармоқда бандлар сони 8000 кишига етади.

Фармацевтика саноатининг мамлакат ЯИМ ҳажми шаклланишидаги улуши

Йиллар

ЯИМ (млрд.сўм)

Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми (млрд.сўм)

ЯИМ таркибидаги улуши, %

2016

242 496

1 144

0,47

2018

406 649

1 440

0,35

2020

580 203

2 470

0,43


Маҳаллий корхоналарнинг 102 таси дори воситалари, 30 таси тиббий техника, 80 таси тиббий буюмлар ва 8 таси дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Ҳозирги кунда маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан рўйхатдан ўтказилган маҳсулотлар сони 3 524 тадан ошган (3 147 номдаги дори воситалари, 280 номдаги тиббий буюмлар, 97 номдаги тиббий техника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда).

Манба: Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги

55 та фармацевтика корхоналарида халқаро ва миллий стандартлар жорий қилинган (жумладан 34 та корхонада ISO 9001:2008, 7 та корхонада ISO 13485 халқаро стандарти, 10 та корхонада Ўзбекистон давлат стандарти ва 4 та корхонада бошқа давлатлар “GMP - Зарур ишлаб чиқариш амалиёти” стандарти жорий қилинган).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5707 - сонли Фармонига мувофиқ 2019-2021 йилларда республика ҳудудида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тавсия этилган дори воситалари гуруҳлари рўйхати тасдиқланган:

1. Антибиотиклар;
2. Эндокрин тизими патологиясини даволаш дори воситалари;
3. Яллиғланишга қарши ностероид дори воситалари;
4. Вирусларга қарши дори воситалари;
5. Меъда-ичак йўллари патологиясини даволаш дори воситалари;
6. Иммунобиологик дори воситалари;
7. Нафас аъзолари патологиясини даволаш дори воситалари;
8. Юрак-қон томир касалликларини даволаш дори воситалари;
9. Онкология касалликларини даволаш дори воситалари;
10.Болаларда сил (туберкулёз) билан инфекцияланишни эрта аниқлаш учун диаскин тестлари.

Булардан “Онкология касалликларини даволаш дори воситалари” гуруҳига мансуб дори воситалар 2020 йилда ўзлаштирилиб ишлаб чиқариш ташкил этилган. Пандемия шароитида Ўзбекистонда COVID-19ни аниқлайдиган тест-системаларни ишлаб чиқариш йўлга қўйишга ҳаракатлар бошланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 январдаги ПҚ-4574-сон “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Зангиота туманида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва илмий текшириш институтлари ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва замонавий технопаркни ташкил қилишни назарда тутилган.

Бу мамлакатнинг фармацевтика тармоғида ўқув, илмий-тадқиқот салоҳиятини ривожлантириш тизимини шакллантиришга, энг яхши хорижий ўқув дастурлари асосида фармацевтика соҳасида кадрларни ўқитиш ва тайёрлашга, чуқур илм талаб қиладиган ва юқори технологияли янги ишлаб чиқаришларни яратишга қаратилган.

Ҳудуди 50 гектардан иборат бу технопарк умумий қиймати 394,7 млн. долл. бўлган 8 та ўқув-илмий ва маъмурий объектлар қурилиши ва 6 та инвестицион лойиҳалар амалга ошириш орқали 2 730 дан ортиқ янги иш ўринлари ҳамда Ўрта Осиёда ягона замонавий фармацевтика кластери бўлиши кутилмоқда.

Инвестицион лойиҳалар

Бугунги кунда Ўзбекистон ТРИПС битимининг иштирокчиси ва мамлакатда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича Европа Иттифоқига ўхшаш қоидалар мавжуд. Бу эса интеллектуал мулк объекти бўлган фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни хоҳлаган чет эл инвесторлари учун қулайлик яратади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотларига қараганда:

2018 йилда республика ҳудудларида фармацевтика тармоғида умумий қиймати 92,8 млн долларлик 34 та лойиҳа ишга туширилган (шундан 14,214 млн. АҚШ доллари хорижий инвестиция) ва 1501 та янги иш ўринлари яратилган,

2019 умумий қиймати 120,3 млн долларлик 36 та лойиҳа ишга туширилган (шундан 40,9 млн. АҚШ доллари хорижий инвестиция) ва 1760 та янги иш ўринлари яратилган,

2020 йилда қиймати 92,8 млн долларлик 34 та лойиҳа ишга туширилган (шундан 14,214 млн. АҚШ доллари ҳорижий инвестиция) ва натижада 1622 та янги иш ўринлари яратилган.

Хитой, Россия, AҚШ, Белорусия, Миср, Германия, Қозоғистон, Корея, Ҳиндистон, Япония каби давлатлар билан фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик доирасида ҳозирги кунга қадар умумий қиймати 354,7 млн. долларлик 42 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Импорт

Ўзбекистон фармацевтика бозорининг катта қисми импорт маҳсулотлари томонидан қондирилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига биноан маҳаллий ишлаб чиқариш улуши мамлакатда истеъмол қилинадиган дори-дармонларнинг умумий ҳажмининг камида 25 фоизини ташкил қилиши керак.

2010 йилда 370 миллион долларидан ортиқ миқдорда дори-дармон импорт қилинган бўлса, 2019 йилда бу рақам 775 млн долларни ташкил этди. 2020 йил пандемия вақтига тўғри келганлиги учун рақамлар кескин ўзгариб кетган ва 1116 млн. долларга тенг бўлган.

Фармацевтик маҳсулотлар асосан Ҳиндистон, Латвия, Россия, Грузия, АҚШдан импорт қилинади.

Экспорт

Бугунги кунда 28 та маҳаллий фармацевтик ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 28 та чет эл мамлакатларига экспорт фаолияти амалга оширилмоқда. 2020 йилда 2016 йилга нисбатан экспорт ҳажми деярли 5 баробар ошган ва 11,2 млн. долларни ташкил этган.

2020 йилда экспорт ҳажмининг катта қисми Қирғизистон (6,3 млн. доллар), Қозоғистон (6,7 млн. доллар), Афғонистон (2,4 млн. доллар), Туркманистон (3,7 млн. доллар) ва Тожикистон (0,72 млн. доллар) бозорига тўғри келган.

Фармацевтика маҳсулотлари экспортининг катта қисми дори воситалари ва дока, тиббий пахта ҳисобига тўғри келади.

Бахтишод Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech