Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Табиатнинг ҳар бир заррасидан даво олиш мумкин. Тош ва жавоҳирларнинг тиббий хусусияти ҳақида

Қадимий машҳур табиблар бўлмиш Гален билан Гиппократ кўп тошлару минераллардан фойдаланиб, Шарқ табибларига касалларни даволаш тажрибаларини йиғиб, жавоҳирларнинг хусусиятларини ўрганиб чиқиб, уларнинг кўпчилигидан табобатда фойдаланса бўлади деб, хулоса чиқарганлар. Миср маликаси, гўзал Клеопатра ҳам бу хусусда изланишлар олиб бориб, ўзи учун упа-эликлар, пардоз ашёларини тайёрлаган, юз қиёфасини парваришлаган. Жавоҳир тошларни катта эътибор билан ўрганиб чиққан улуғ Абу Райҳон Беруний уларга шундай мафтун бўлганки, «Минералогия» ва «Сайдана» номли шоҳ асарлар ёзиб, уларнинг фойдали томонларини очган.

Машҳур Ибн Сино ҳам бу хусусда тўхталиб, қайси жавоҳирнинг қайси дардга даво эканлигини ёритиб кетган. Ўз фаолиятларида табиблик билан ҳам шуғулланишга мажбур бўлган ал-Форобий ва Умар Ҳайёмдек алломалар ҳам жавоҳир тошлардан фойдаланганлар. Ҳатто Умар Ҳайём бунда мураккаб ҳисоб-китоб қилиш учун мантиқий тенгламалар ҳам тузган... Ҳиндистон ва Хитой, Тибет ва Непал тиббиётида тошлар ёрдамида беморларни даволаш усули расмий тиббиёт тизимида «литотерапия» деб қабул қилинган. Литотерапия Россия ва Франция, Германия ва Италия каби Европа мамлакатларида кўпчилик тан олган даволаш усулидир. Бунинг ҳеч ажабланарли ери ҳам йўқ. Чунки, биз ўрганиб қолган медицина ҳам ўзининг кундалик фаолиятида лой, туз, йод, оҳак, қум, мум, каолинит, кварц, симоб, сурма, азокерит ва бошқа кўп хил минераллардан фойдаланадики, уларнинг барчаси конлардан тош сифатида қазиб олинади. Фармацевтларнинг тайёрлаётган дори-дармонининг ярмидан кўпи табиий минераллардан эканлигини кўз олдимизга бир келтиргач, литотерапия усулининг анча  қадимий ва жиддий эканлигига шубҳа қилмаймиз.

Тошлар ҳақидаги қадимий ёзма манбааларда сердолик халцедон тошининг бир хил эканлиги, қизил, тўқ қизил, тўқ сариқ рангларда бўлиб, соғлиқ учун фойдали, бахт келтирувчи, ўзаро низолардан сақловчи, асабни тинчлантирувчи, қонни тўхтатувчи хусусиятларига эга эканлиги қайд этилган.

Зумрад қимматбаҳо тошлар учталигига киради. Зумрад сўзи санскрит тилидаги Заммарод ва зумунди сўзларидан олинган бўлиб, таржимаси яшил деган маънони англатади. Зумрад тошни қадимда даво сифатида ҳам ишлатиб келишган. Аравияда зумрад кукуни ва туя сутидан тайёрланган аралашма заҳарга қарши дори сифатида ичилган. Арман табиблари зумрад кукунини йўтал ва ичкетарда тавсия қилишган. Замонавий терапевтлар зумрадни юқори ҳароратда, яллиғланишда, инфекцияларда, депрессияда, уйқусизликда, бош оғриғида, ошқозон ичак касалликларида, сийдик тизими оғриқларида, қандли диабетда ва гипертонияда қўллашади. Шунингдек, зумрад хотирани мустаҳкамлайди, ёмон тушлардан халос қилади ва кайфиятни кўтаради.

Кумушни ҳиндлар кўпроқ қадрлашади. Улар умр бўйи кумушдан ясалган тақинчоқлар йиғиб, кейинчалик бу тақинчоқларни фарзандларига мерос қилиб қолдиришади. Кумуш беморни даволаш хусусиятига эга. Бундан 2500 йил олдин Миср ҳарбийлари ярадорларнинг жароҳатига кумуш босишган ва шу усул ёрдамида жароҳатлар битган. Ҳозир ҳам тиббиётда кумушдан унумли фойдаланишади. Агар янги соғилган сигир сутига кумуш ташлаб қўйилса, унинг истеъмолга яроқлилик муддати сезиларли тарзда чўзилади. Халқаро фазо станциясида ўз вазифасини адо этаётган астронавтлар фақат кумуш аралаштирилган сув ичади. Японлар кумушдан ҳавони тозалаш мақсадларида фойдаланишади.

Кумушнинг зиёни ҳам йўқ эмас. Агар меъёрдан ортиқ фойдаланилса, кумуш инсон организмига заҳар кўринишида кириб боради. Тиш оғриганда, кумуш қошиқ ёки бошқа шу металлдан ясалган буюмни боссангиз, оғриқни вақтинчалик бўлса-да тўхтатади. Кумуш аралаштирилган камар организмнинг умумий ҳолатини яхшилайди. Кумуш балдоқ одам организмидаги зарарли энергияни ҳайдаб солади. Чап қўлга кумуш балдоқ тақилса, танадаги юқори ҳарорат, яъни, иситмани туширади. Кумуш узук танадаги барча зарарли энергия ва касалликларни ўз ичига ютади. Агрессиядан асрайди. Юрак фаолиятини яхшилайди. Кумуш зираклар мия фаолиятини яхшилайди.

Тилла асабни мўътадиллаштиради. Хотира ва ақлий қувватни мустаҳкамлайди, юрак мушакларини бақувват қилиб, унинг ишлаш қобилиятини кучайтиради. Юрак хуружида, асабийлашганда, ўпка ва жигарнинг беҳоллигида яхши фойда беради. Унинг қувватини тилла сувини ичганда биласиз. Тайёрлаш усули: тилла тақинчоқ ( қимматбаҳо тошлари бўлмаган тиллавор)ни 2 стакан сув солинган идишда ярим суви қолгунча қайнатилади. Бир чой қошиқ тилла сувини бир кунда уч марта бўлиб ичилади. Тилла танага ички ҳарорат бағишлайди, вужудни иситади. Тилла сувини эҳтиёт бўлиб ичган маъқул. Чунки баъзи одамларнинг баданида тиллаворлардан ҳар хил тошмалар пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Олмос- нозик, қудратли ва қувватли тош бўлиб, юракка мадор беради, танани озиқлантиради. Қизил олмос салқинлик берувчи хусусиятига эга, у руҳни сокинлаштиради ва қон айланишини яхшилайди. Рангсиз олмос эса тана ҳароратини анчагина мувофиқлаштиради, асабни тинчлантиради. Олмосни кечаси бир стакан сувга солиб қўясиз ва эртасига шу сувни ҳўплаб-ҳўплаб ичасиз. Бу- ёшартирувчи тош саналади.

Табиатнинг ҳар бир заррасидан даво олиш мумкинлигини унутманг.

Мақолани Наргиза Камалова маълумотлар асосида тайёрлади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech