Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Тиббий техника қандай тартибда қиёслашдан ўтказилади ва синалади?

Вазирлар Маҳкамасининг 15.02.2018 йилдаги 112-сон қарори билан ўлчаш функцияларига эга тиббий техниканинг метрологик назоратини (қиёслаш), шунингдек тиббий техникани даврий синовлардан ўтказиш тартиби белгиланган.

Маълумот учун: метрологик назорат – давлат метрология хизмати томонидан ўтказиладиган ўлчов лаборатория техникаси кўрсаткичлари созлиги устидан назорат.   

Барча тиббиёт ташкилотлари учун ягона қоидалар

Хусусий тиббиёт ташкилотлари, шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тузилмасида тиббиёт ташкилотлари бўлган вазирликлар ва идоралар тиббий техниканинг қиёслаш ва даврий синовлардан ўтказилишини таъминлашлари шарт. Бундан ташқари, тиббий техниканинг метрологик таъминоти ва унга техник хизмат кўрсатиш учун масъул ходимлар малакасини ошириш мажбурияти улар зиммасига юкланади.

Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш ИТИ негизида, хорижий мутахассислар ва экспертларни жалб қилган ҳолда бундай мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Қуйидагилар тегишинча икки ва уч ойлик муддатда тасдиқланади:

➖ қиёслаш ва даврий синовлардан ўтказилиши лозим бўлган тиббий техника рўйхати;
➖ тиббий лабораторияларнинг сифатига ва компетентлигига қўйиладиган талабларни белгилайдиган стандартлар. 
 

Тиббий техника қиёслашдан қандай ўтказилади 

Тиббиёт ташкилотларида фойдаланиладиган, ўқув (намойиш қилиш) мақсадлари учун қўлланиладиганидан ташқари, ўлчаш функцияларига эга бўлган барча тиббий техника (бундан кейин – ЎФТТ) метрологик назоратдан ўтказилиши лозим.

Бу – муҳим! ЎФТТ ишлаб чиқаришдан фойдаланишга чиқарилишда, таъмирлашдан сўнг, шунингдек фойдаланиш жараёнида қиёслашдан ўтказилади.

Қуйидагиларда ташкил этиладиган стационар ва кўчма лабораториялар назоратдан ўтказадилар:

➖ Ўзбекистон миллий метрология институти;
➖ «Ўзстандарт» агентлигининг ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари. 

ЎФТТни транспортда ташиш имкони мавжуд бўлмаганда қиёслаш бевосита улар жойлашган жойларда, қиёсловчиларни хизмат сафарига юбориш йўли билан ўтказилиши мумкин.

Қиёслаш ариза берувчининг ёзма аризасига кўра ўтказилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

➖ ариза берувчининг номи ва реквизитлари;
➖ ЎФТТ номи, тури (белгиси), метрологик тавсифлари, миқдори ва ишлаб чиқарувчи мамлакат;
➖ аризага илова қилинадиган меъёрий, техник ва илова қилинган ҳужжатлар рўйхати;
➖ ЎФТТни қиёслаш билан боғлиқ харажатларни тўлаш кафолатланган мажбурият.
 

Шунингдек тиббий техниканинг ўзи, ундан фойдаланиш ҳужжатлари ҳамда қиёслаш усули ва воситаларини регламентловчи меъёрий ҳужжат тақдим этилади.

ЎФТТнинг қиёслашда бўлиш вақти – 15 иш кунидан ортиқ эмас. Вақт нормаси қиёслаш усулига асосан кўрсатилган муддатдан ошадиган ЎФТТ учун истисно қилинади. Бироқ у ҳам 30 иш кунидан ошмаслиги керак.

Қиёслаш натижаларига кўра, ЎФТТ қўлланишга яроқли деб тан олинган тақдирда сертификат берилади. Шунингдек ЎФТТга ёки унинг техник ҳужжатига қиёслаш тамғасининг босма изи қўйилади.

ЎФТТ қўлланишга яроқсиз деб тан олинган тақдирда қўлланишга яроқсизлиги ҳақида хабарнома ёзиб берилади. 

Тиббий техникани синовлардан ўтказиш тартиби

Синовлар – тиббий техниканинг фойдаланишга яроқлилигини, шунингдек унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлар комплекси. Мажбурий даврий синовлардан диагностика ва касалликларни даволашда қўлланадиган, техник тавсифлари меъёрий ҳужжатларга мувофиқ меъёрланмайдиган тиббий техника ўтказилади.

Тиббий техника номлари рўйхати ва синовдан ўтказиш даврийлиги Ўзстандарт томонидан белгиланади. Синовларни у томонидан аккредитацияланган юридик шахслар ўтказадилар.

Эътибор беринг! Тиббий техникадан кафолатлатланган фойдаланиш муддати даврида уни таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш ва синовдан ўтказиш ишлаб чиқарувчи заводлар (фирмалар) шартномага эга бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин. Шартномалар мавжуд бўлмаган тақдирда, кафолатланган муддат даврида ушбу ишлар ишлаб чиқарувчи заводлар (фирмалар) томонидан амалга оширилади. Бу ҳолда аккредитация талаб этилмайди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 17.02.2018 йилдан кучга кирди.

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

Ленара Хикматова

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech