Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Тиббиёт ходимларининг касбий фаолиятидаги чекловлар аниқ белгилаб қўйилади

Таклиф этилаётган қўшимчалар тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар раҳбарлари ва ходимларининг ҳуқуқбузарликлар содир этиши ҳамда ваколатларини суиистеъмол қилишга ундовчи усуллардан фойдаланиши олдини олишга қаратилган.

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси президентнинг 2019 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4554-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 29 августда қабул қилинган “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги 265-И-сонли Қонунига қўшимча киритилади.

Унга кўра, тиббиёт ходимларининг касбий фаолиятидаги чекловлар аниқ белгиланади.

Тиббий муассасалар раҳбарлари ва тиббиёт ходимларига қуйидагилар таъқиқланади:

➖ дори воситаларининг савдо номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган, дори воситаларини ишлаб чиқариш ва (ёки) сотиш билан шуғулланувчи ташкилотлар, дори воситалари ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилишни амалга оширувчи ташкилотлар, дорихоналар, уларнинг филиалларидан ҳамда уларнинг номидан фаолият юритувчи вакиллар ёки бошқа жисмоний ва юридик шахслардан молиявий мукофотлар, моддий ва номоддий кўринишдаги ҳар қандай рағбатлар олиш;

➖ фармацевтика ташкилотлари ҳисобидан амалга ошириладиган кўнгилочар тадбирларда иштирок этиш ёки саёҳат қилиш;

➖ фармацевтика ташкилотлари, дорихоналар ва уларнинг вакиллари билан дори воситаларини тайинлаш ёки беморларга тавсиялар бериш бўйича шартномалар тузиш;

➖ фармацевтика ташкилотлари ва уларнинг вакилларидан дори воситалари намуналари ва тиббий буюмларни олиш, шунингдек дори воситалари ва тиббий буюмларни беморларга ва тиббий муассасага ташриф қилувчиларга бериш;

➖ дори воситаларини тайинлашда ушбу дори воситалари тўғрисида беморларга ноаниқ ва (ёки) тўлиқ бўлмаган маълумотлар бериш, шунингдек тайинланаётган дори воситалари аналогларининг муомалада мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни яшириш;

➖ фармацевтика ташкилотлари вакиллари билан тиббий муассаса ҳудудида, шунингдек касбий фаолиятини амалга оширишда учрашиш;

➖ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланмаган рецепт бланкаларида рецепт ёзиш ва бериш.

Ҳужжатда қўшимча қилинган тушунтириш хатида айтилишича, таклиф этилаётган қўшимчани киритиш шифокорлар томонидан дори воситаларини нооқилона тайинлаш ҳамда манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларининг олдини олишга ҳамда шифокорлар ва фармацевтлар томонидан дори воситаларини тўғри тайинлаш ва қўллаш қоидаларига риоя этилишини таъминланишига олиб келади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency телеграм-каналида

Манзилимиз: 100084 Тошкент шаҳри, Чингиз Айтматов кўчаси, 1-А уй.

Телефон:  (998 71) 203-81-81

Электрон манзил: farmagentlik@minzdrav.uz

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech