Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодий шерикликнинг янги йўлларини изламоқда

Жорий йил 17 январда Тошкент шаҳрида Туркманистон ҳукумат делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари С.Бердимуҳамедов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мазкур учрашув доирасида Тошкент шаҳридаги “Технопарк” саноат мажмуаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ва саноат, тармоқлар салоҳиятининг кўргазмаси ташкил этилди. Мазкур кўргазмада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳам ўз стенди билан иштирок этди.

Тадбирда икки мамлакатнинг асосий вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва савдо-саноат палаталари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Учрашувда инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳаларида, шунингдек, сувдан фойдаланиш, ҳудудлараро ҳамкорлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишларида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашилди. Олдин эришилган келишувларнинг рўёбга чиқарилиши атрофлича кўриб чиқилиб, истиқболли соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имкониятлари ўрганилди.

Икки томонлама савдони ривожлантириш борасида сезиларли ютуқларга эришилгани қайд этилди. Жумладан, сўнгги 4 йил ичида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 баробар ошди, 2021 йилда эса 65 фоизга ўсиб, қарийб 880 миллион долларни ташкил этди. Яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадида амалдаги савдо шартномалар ижросини илгари суришга ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари ва ишлаб чиқарувчилари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Мулоқотда саноат кооперациясини янада ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида урғу берилди. Томонлар ушбу йўналишда айрим тармоқларда эришилган муваффақиятларни таъкидлаб, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳамда икки давлат ҳудудларида ўзаро боғлиқ қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича янги таклифларни ишлаб чиқишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятини илгари суриш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти ҳам қайд этилди. Томонлар жорий йилда Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудий маъмуриятлари ҳамда ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун платформага айланиши мўлжалланган биринчи ҳудудлараро Форумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чораларини муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, сув хўжалиги, транспорт соҳасида ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, умумий транспорт йўлаклари тармоғини ривожлантириш ҳамда икки мамлакатнинг транзит салоҳиятини юксалтириш, маданият ва туризм соҳасидаги қўшма дастурларни ҳаётга жорий этиш каби қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, халқаро озиқ-овқат сифат стандартларини жорий этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилди.

Тадбир якунида томонлар кўриб чиқилган ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган муносабатларнинг барча соҳаларида фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Йиғилиш якунлари бўйича икки мамлакат ишбилармонлик субъектлари ўртасида қишлоқ хўжалиги, электротехника, кимё саноати ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида бир қатор инвестиция ва экспорт шартномалари имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech