Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон-Венгрия бизнес форуми ва ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон ҳамда Венгрия ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили сифатида икки мамлакат ишбилармон доираларининг ўзаро алоқларни мустаҳкамлаш масалалари тадбирнинг асосий мавзуси бўлди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестиция ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири П.Сийяарто, Ўзбекистон Савдосаноат палатаси раиси, Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгашининг ҳамраиси А.Икрамов, Венгрия савдо палатаси президенти Л.Парраг, "OTP Банк" бошқарув раисининг ўринбосари, Венгрия томонидан Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгашининг ҳамраиси Л.Вольф ва масъул вазирлик ва идора вакиллари хамда икки мамлакатнинг тадбиркорлик субъектлари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ўз нутқи давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожланиб бораётгани, сўнги йилларда ҳамкорлик алоқаларини янада ривожланаётганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек бугунги бизнес форум ҳам икки мамлакат ишбилармон доиралари учун кенг ва қулай имконият яратиб самарали натижаларга эришишда асосий вазифасини ўташига ишонч билдирди.

Шундан сўнг, Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири П.Сийяартосўзга чиқиб, икки давлат алоқаларини ривожлантиришнинг ижобий динамикасига эътибор қаратиб ўтди. Қолаверса, ҳар икки Давлат раҳбарлари иктисодий шерикликни изчил кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади, шунингдек, икки давлат ишбилармонларини ўзаро алоқаларни фаоллаштиришга чақирди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов ҳам ўз нутқи давомида сўнгги йилларда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иктисодий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини таъкидлади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ҳам мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга улкан ҳисса қўшмокда. Шунингдек, Палата раиси ҳар икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ҳудудлараро кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, саноат кооперациясини такомиллаштириш, товар ва хизматларнинг ўзаро савдоси учун қулай шароитларни таъминлаш бўйича ишларни давом эттиришлари зарурлигига эътибор қаратди.

Шуни таъкидлаш керакки, савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг муҳим таркибий кисмидир.

Венгрия компанияларига хорижий инвесторлар учун Ўзбекистоннинг очиқлигини таъминлаш ва жозибадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар, шаффоф ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, коррупцияга қарши курашиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда давлатнинг ролини босқичма-босқич қисқартириш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Учрашувда бир қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Форум давомида турли хил соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ва хизматларини ҳамкорлик қилиш истагида бўлган тадбиркорларга намойиш этиб ҳамкорликнинг афзалликлари ва унинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашишдилар ва улар ўртасида қизғин музокаралар ўтказилиб, бир қатор ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзоланди.

Ташкил этилган очиқ мулоқотлар, истиқболли лойиҳалар ва келишувларни ишлаб чиқишни ўз ичига олган ўзаро манфаатли йўналишларни аник белгилашга хамда Ўзбекистон ва Венгрия ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали форматини яратишга имкон берди.

Ўз навбатида, Савдо-саноат палатаси 2022 йилда Ўзбекистон ва Венгрия ишбилармон доираларини қўллаб-қувватлашда амалий натижаларга эришишга қаратилган режаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

2021 йил 30 март санасида “International Hotel Uzbekistan" меҳмонхонасида, Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишидан сўнг, вазирлик ва идоралар, саноат уюшмалари ва Ўзбекистон ва Венгриянинг етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида "G2B" ва "B2B" учрашувлари ўтказилди. Унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо битимларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Учрашувлар натижасида фаолиятнинг турли соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор икки томонлама шартномалар имзоланди.

Маълумот учун: 2020 йил якунига кўра, товар айланмаси 109,3 миллион долларни ташкил этди (+ 53,9%), шу жумладан экспорт - 538,3 минг доллар, импорт - 108,7 миллион доллар. (+ 54,1%), 2021 йил январь ҳолатига кўра республикада Венгрия иштирокидаги 10 та корхона мавжуд бўлиб, улардан б таси қўшма корхоналар ва 100% хорижий капитал иштирокидаги 4 та корхона.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech