Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Евроосиё иқтисодий иттифоқи Фармакопея қўмитасининг навбатдаги мажлиси ўтказилди

Жорий йилнинг 29 сентябр санасида Евроосиё иқтисодий иттифоқи Фармакопея қўмитасининг 52-сон мажлиси онлайн форматда ўтказилди.

Йиғилишда ЕОИИга аъзо давлатлардан: Россия, Қозоғистон, Белоруссия, Қирғизистон, Арманистон ва кузатувчи давлатлардан: Молдавия, Куба ва Ўзбекистондан бир қатор мутахассислар жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясининг Бош муҳаррири Хабибулла Джалилов бошчилигида таҳририят кенгаши котибияти аъзолари иштирок этишди.

Кун тартибида кўзда тутилган “Дори воситаларининг биологик синовлари натижаларини статистик қайта ишлаш” умумий фармакопея мақоласи Фармакопея қўмитасига аъзо давлатлари томонидан киритилган таклиф ва мулоҳазалар билан қайта ишланган ҳолда қўмитанинг октябрь ойида ўтказиладиган мажлиси кун тартибига киритиш таклиф этилди.

Шунингдек, мажлисда ишлаб чиқувчиси Беларус Республикаси бўлган "Нуклеин кислоталарни амплификация усуллари; Стерил маҳсулотларни тайёрлаш усуллари; F концепцияларни термик стерилизацияда қўллаш" номли фармакопея мақолалари Евроосиё иқтисодий иттифоқи Фармакопеясининг қайта ишланган умумий фармакопеясига киритиш учун қайта кўриб чиқилиб, муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида берилган таклифларни инобатга олган ҳолда юқорида кўрсатилган умумий фармакопея мақолаларига тегишли тўлдиришлар киритилиб, Евроосиё иқтисодий иттифоқи Фармакопеясига киритишга қарор қабул қилинди.

Давлат маркази Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech