Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Қашқадарёга «COVID-19»ни уч соатда аниқловчи тиббиёт ускуналари олиб келинди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев топшириғи ва Деҳқонобод ҳокими Зоир Алиқулов ташаббуси билан Деҳқонобод туманига коронавирусни уч соатда аниқловчи иккита ПЗР аппарати олиб келинди. Бу ҳақда «Дарё» интернет нашри маълум қилди.

Таъкидланишича, Деҳқонобод ҳокими Зоир Алиқулов 19 октябрь куни туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази ҳамда хусусий клиникада бўлиб, ана шу тиббиёт ускуналарининг ишлаш жараёни билан танишган.

«Мазкур ПЗР аппарати бир вақтнинг ўзида 96 нафар кишидан олинган анализни текшириб, уч соатда натижасини маълум қилади. Демакки, кунига 500 нафар кишидан анализ олиб, натижасини аниқлаб бериш имкониятига эга бўлдик. Бироқ юртдошларимиз кутиб қолмасликлари учун уларга бир кунда натижасини чиқариб берамиз», — дейди клиника раҳбари Хайриддин Қурбонов.

Ҳокимликнинг аниқлик киритишича, Хайриддин Қурбонов раҳбарлигидаги иш 810 миллион сўмга тушган ва мазкур маблағ тадбиркорга имтиёзли давр ва фоизи билан кредит сифатида берилган.

«Мазкур тиббиёт ускунаси вилоятда саноқли бўлиб, Косон тумани, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларидагина мавжуд эди. Эндиликда Деҳқонобод туманига ҳам бир эмас, иккита ускуна олиб келинди», — дейилади ҳокимлик ахборот хизмати хабарида.

Ҳокимликнинг қўшимча қилишича, Зоир Алиқулов туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимида ҳам бўлиб, коронавирусдан даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олган. Беморларга хизмат кўрсатаётган кислород баллонларининг сифатини кўздан кечириб, хавфсизлик қоидаларига амал қилиниши лозимлигини таъкидлаган.

«Гулистондаги ҳолат ҳар биримиз учун хулоса қилишга арзирли воқеа бўлди. Биз беморлар соғлиғини тиклаш баробарида, уларга хизмат кўрсатаётган техникалар хавфсизлигига ҳам эътибор қаратишимиз лозимлигини билдик ва кўрдик. Шунинг учун ҳар бирингиз бу ишга масъулият билан ёндашишингиз керак», — деган ҳоким масъуллар билан мулоқотда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech