Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

1 сентябрдан “Дори воситалари ва тиббий буюмлар” маҳсулот гуруҳи учун рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш бошланади

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 9 август санасида “CRPT TURON” МЧЖ, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорликда журналистлар, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар учун юртимизда фаолият юритаётган "Nika pharm" корхонасига пресс-тур уюштирди.

Мазкур пресс-тур “1-сентябрда Ўзбекистонда дори воситаларининг маркировкаси бошланиши: босқичлар ва жараёнлар” мавзусида бўлиб ўтди.

Тадбир давомида меҳмонлар “Nika pharm” МЧЖ ишлаб чиқариш майдончасида “Asl Belgisi” рақамли маркировкалаш тизими, ишлаб чиқариш жараёнида кодларни қўллаш механизмлари билан яқиндан танишишди ҳамда маркировкали дори воситаларининг иккиламчи қадоқларда қандай кўриниши шунингдек маркировкалаш тизимининг истеъмолчилар учун афзалликлари ва дори воситаларининг ҳақиқийлигини қандай текшириш мумкинлигини билиш бўйича тегишли маълумотларга эга бўлишди.

Маркировкалаш тизим оператори “CRPT TURON” МЧЖнинг маълумотларига кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хорижий РС эгаларининг аккредитацияланган ваколатхоналари жараённи бошлашга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Шунингдек юртимиздаги йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан “Nobel-pharmsanoat” XK, “Serene healthcare” МЧЖ ҚК, “Jurabek Laboratories” МЧЖ ҚК, “Nika pharm” МЧЖ, “Neogalenfarm” МЧЖ, “ATM Sanita Pharma” МЧЖ ҚК, “ATM pharm” МЧЖ ҚК ва бошқалар ўз ишлаб чиқариш линияларини жиҳозлаб, ишга туширишга тайёр ҳолатда.

Ҳозирги кунда “Миллий каталог”га 2850 дан ортиқ дори воситалари номи киритилган.

Эндиликда харидорлар “Asl Belgisi” мобил иловаси орқали дори воситасини иккиламчи (ташқи) қадоқлардаги рақамли кодни сканерлаб, маҳсулот ҳақидаги барча маълумотларини олиши, унинг ҳақиқийлигини текшириши имконига эга бўлади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech