Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб, тиббиёт олий таълим муассасаларида «Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги» факультети ташкил этилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги янги фармонни имзолади.
 
Санитария-эпидемиология хизмати ташкил этилаётганлиги муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилади;

Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари — тегишинча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, шунингдек уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги соҳасида бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларида «Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги» факультети ташкил этилади;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:

➖ бир ой муддатда тегишли тиббиёт олий таълим муассасаларида «Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги» факультети фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўради; (ҳал этиладиган масала: Бугунги кунда 11 та тиббиёт олий таълим муассасаси фаолият олиб бориб, уларнинг айримларида «Тиббий профилактика» факультети мавжуд. Ушбу факультетда дарс машғулотлари ва амалиёт асосан даволашга (ихтисослаштирилган ёрдамга) йўналтирилган. Тиббий профилактика ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида (алоҳида қарор асосида) туман-шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаларида тиббиёт маълумотига эга бўлган валеолог, тиббий психолог, нутрициолог, диетолог, фармаколог, кинезиолог, реабилитолог, профпатолог лавозимларини киритиш режалаштирилмоқда)

➖ 2021 йил 1 январга қадар тиббиёт олий таълим муассасаларида халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида санитария-гигиена ва эпидемиология ҳамда микробиология йўналишидаги филиаллар, шунингдек халқаро факультетлар очилишини таъминлайди.

➖ Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 ноябрга қадар содир бўлган фавқулодда ҳодиса, табиий офатлар, пандемия даврида йўл қўйилган камчиликлар ва орттирилган тажрибадан келиб чиқиб, «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги ва «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларни янги таҳрирда ишлаб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритади;

Бунда, лойиҳаларда юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши, табиий ёки техноген хусусиятга эга офатлар содир бўлиши хавфи юзага келган шароитда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъул ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги бўйича батафсил «ҳаракатлар алгоритми» ва амалга оширилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар назарда тутилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech