2021 йилда қанча қўшимча дам олиш кунлари бўлиши аниқ бўлди
Президентнинг 3.12.2020 йилдаги “2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-6122-сон Фармони қабул қилинди.
Бюджет ташкилотларида қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини 2 иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади. “Таътил пули”ни аниқлашда ҳар йиллик меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, унга қўшимча дам олиш кунлари қўшилади. Ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қисқартириш ҳисобга олинган ҳолда 15 иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
Хусусий ташкилотларда Фармонда назарда тутилган қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилига қўшимча бошқа кунлар билан бир қаторда молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, жамоа шартномалари ёки иш берувчилар томонидан касаба уюшмаси қўмиталари билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади.
Байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли учун ички туризм ва фаол дам олиш йўналишларини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилишини ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этиш топширилди.