Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

40 ёшгача бўлган раҳбарларнинг йиллик Топ-40 рейтинги шакллантирилди. Рўйхатда агентлик директори Сардор Кариев ҳам бор

Давлат ва жамият бошқарувида трансформация жараёни нафақат тизимнинг ўзини ислоҳ қилишни, балки стратегик соҳаларга ёш, илғор фикрловчи ва малакали кадрларни жалб қилишни талаб этади.

Сўнгги бир неча йил мобайнида Ўзбекистоннинг вазирлик ва идораларида масъулиятли лавозимларга кўплаб ёш раҳбарлар тайинланди. Уларнинг аксарияти хорижда таълим олган, амалий иш тажрибасига эга ва ўзини намоён этишга муваффақ бўлишди. Вазирликлар раҳбарияти таркиби тубдан янгиланди. Бугунги кунда 24 нафар вазирдан 10 нафари (42 %и) — 40 ёшдан 45 ёшгача, 4 нафари (17 %и) — 46 ёшдан 50 ёшгача, уч нафари (12 %и) — 51 ёшдан 55 ёшгача бўлган кадрларни ташкил қилади.

Таъкидлаш ўринли, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан “Келажак лидерлари” клуби фаолияти йўлга қўйилди. Клуб Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 30 ёшгача бўлган олий таълим муассасаларининг истиқболли, ташаббускор талабаларни, давлат хизматчиларини бирлаштиради. Улар учун ижтимоий дастурлар доирасида мавзули ўқув курслари, маҳорат дарслари ва тренинглар ташкил этилмоқда. Клуб аъзолари орасидан давлат хизмати учун захира кадрлар шакллантирилиб, раҳбарлик лавозимларига тавсия этилади.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда 2019 йилдан буён ва 2020 йил Ўзбекистоннинг 40 ёшгача бўлган истиқболли ёш раҳбар кадрлари рейтингини эълон қилиб келмоқда. Йил сайин номзодлар рўйхати кенгайиб, янги номлар билан тўлиб бормоқда. Бу йилгиси ҳам бундан мустасно эмас. Дастлабки рўйхатда турли даражадаги юздан зиёд бошқарувчилар ўрин олганди. Якуний рейтингни шакллантириш икки босқичда амалга оширилди.

Биринчи босқичда фуқаролик жамияти, таҳлил марказлари ва ОАВ вакилларидан иборат экспертлар ёш раҳбарларнинг ўз соҳаларида стратегик мақсад ва натижаларга эришганлик бўйича фаолиятини баҳолашди. Бунда номзодларнинг маълумоти, раҳбар сифатида жамоатчилик орасида танилганлиги, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги, ислоҳотлар жараёнидаги иштироки ва таъсир даражаси ҳамда шахсий ва касбий ютуқлари инобатга олинди.

Иккинчи босқичда турли соҳа экспертларининг овози тўпланди. Якуний босқичга ўтган 60 дан зиёд номзодлар орасидан энг кўп овоз олган 40 ёшгача бўлган энг яхши 40 нафар раҳбар танлаб олинди.

Қайд этиш керак, экспертлар овоз бериш жараёнида дастлабки рўйхатда бўлмаган бошқа номзодларни ҳам таклиф этишди. Уларнинг айримлари якуний рўйхатга киритилди.

Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари талқинига кўра энг яхши ёш раҳбар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори Гаяне Умерова бўлди. Журналист ва блогерлар Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев фаолиятини юқори баҳолашди. “Ақл марказлари” вакиллари эса истиқболли раҳбар сифатида ИТ Парк директори Фарҳод Иброҳимовни танлашди. Шунингдек, экспертлар янги тайинланган халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовга катта умид билдирди. Уларнинг фикрича, 2022 йилда таълим соҳасида туб ислоҳотлар бўлиши кутилмоқда.

Бу йилги рейтингга биринчи марта киритилган номзодлар:

▪️ Абат Файзуллаев, Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси;
▪️ Абатбай Данияров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари;
▪️ Бахтиёр Саидов, халқ таълими вазири;
▪️ Бахтиёр Мустафоев, Марказий Осиё институти директори ўринбосари;
▪️ Бобур Абдуллаев, Тошкент шаҳридаги Амити университети ректори;
▪️ Дурдона Раҳимова, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари;
▪️ Элбек Шукуров, Сергели тумани ҳокими;
▪️ Ирода Тўлаганова, Теннис федерацияси бош котиби;
▪️ Жамшид Эгамбердиев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари;
▪️ Милана Хаитова, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бошқаруви аъзоси;
▪️ Одилжон Тожиев, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари;
▪️ Қурбон Турсунов, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари;
▪️ Саидқаҳҳор Холхўжаев, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари;
▪️ Умид Шодиев, Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги элчиси;
▪️ Хушнуд Худойбердиев, ЎзА бош директорининг ўринбосари;
▪️ Юсуф Абсоатов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари.

Қайд этиш керак Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев бу йил ҳам ТОП-40 рейтингдан ўрин эгаллади.

Бугунги рақамлаштириш даврида давлат хизматига ёш кадрларни жалб этиш масаласи долзарб вазифалардан бўлиб турибди. Бу, айниқса, аҳолисининг қарийб 18 миллион нафари ёшларни ташкил этадиган Ўзбекистон воқелигида аҳамиятлидир. Келгуси ўн йил ичида меҳнатга лаёқатли аҳоли сони яна 12 фоизга ошиши кутилмоқда. Ёш кадрларни раҳбарлик лавозимларига илгари суриш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш турли соҳаларда инновацияларни жорий этишга, бошқарувда янгича ёндашишга ва замонавий усулларни қўллашга кенг имкон яратади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech