Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Мутахассис тавсияси: Қандай дори воситаларини оч қоринга ичиш мумкин эмас?

Маълумки, дори препаратлари таъсир этиш хусусиятига кўра турли вақтларда ичилади. Бу ҳақда йўриқномада аниқ кўрсатма берилади. Масалан:

➖ Овқатлаётганда овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшиловчи препаратлар (фестал, энзистал, пепсин)ни қабул қилиш мумкин;

➖ Овқатланиб бўлгач, ярим соатдан сўнгина бош оғриғига қарши оғриқсизлантирувчи, сийдик ҳайдовчи, иситма туширувчи, юрак фаолияти учун гликозидлар, шамоллаш ва яллиғланишга қарши ҳамда антибактериал таъсирга эга дорилар ичилади;

Овқатдан олдин ичиладиган турлари белгиланган соатига кўра:

➖ тановулдан 1 соат олдин — пробиотиклар (линекс, хилак-форте); ярим соат аввал — антацид гуруҳига мансуб препаратлар, меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасига ичиладиган дорилар;

➖ таомланишдан 30-40 дақиқа илгари — диареяга қарши препаратлар, кальций, тетрациклин гуруҳига оид дори воситаларини қабул қилиш мумкин.

❗️ Аччиқ ва тил тагига ташлаб ичиладиган дориларни эса оч қоринга ичиб бўлмайди;

Агар дори препарати йўриқномасида қабул қилиш вақти кўрсатилмаган бўлса, уни куннинг исталган қисмида ичишингиз мумкин. Энг маъқули, овқатдан 30-40 дақиқа олдин қабул қилишдир.

Эрталаб, тушликда ёки кечқурун...

Йўриқномада препарат уч маҳал ичилиши кераклиги қайд этилса, ҳар бир қабул қилиш вақтининг оралиғи саккиз соатдан кам бўлмаслиги назарда тутилади. Агар бир неча турдаги дорини бир вақтда ичиш зарурати туғилса, оралиқ вақт 15 дақиқадан кам бўлмаслиги лозим.

Уйқудан олдин

Тинчлантирувчи хусусиятга эга дори препаратлари ва томчилари, томоқ оғриқларининг аллергик турларида йўтал қўзғалишига қарши ҳамда астма ҳолатларида, меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраларида оч қоринга бўладиган оғриқ хуружларининг олдини олишда ухлашдан 15-20 дақиқа аввал керакли дори препаратини қабул қилиш мумкин. Шунингдек, бавосилни даволашда қўлланилувчи шамчалар ҳам тунги вақтга тавсия этилади.

Мумкин эмас!

Балғам кўчирувчи ва қувватни оширувчи дориларни уйқудан аввал ичиш тақиқланади. Бу турдаги препаратларни иложи борича куннинг биринчи ярмида қабул қилган маъқул.

Сурги дорилар-чи?

Бу турдаги дори воситалари қабул қилинганидан сўнг 6-8 соатдан кейин беморга таъсир қилади. Ичаётганда шу жиҳатини ҳисобга олинг. Йўқса, тунги безовталиклар юз бериши мумкин.

Вақтини унутган бўлсангиз...

1-2 соатга кечиксангиз, зарари йўқ. Дорини одатдагидек ичишингиз мумкин. Мабодо қабул қилиш вақти 2-3 соатдан ўтиб кетган бўлса, белгиланган вақтга қадар ичмай туринг. Баъзилар «Кундуз куни ичиш эсимдан чиқибди», дея кечки пайт биратўла икки ҳисса дори қабул қилишади. Бу нотўғри! Зеро кўпайтирилган миқдордаги препаратнинг организмга ножўя таъсири бўлиши мумкин.

Фармацевтика фанлари номзоди,
доцент Муаттар Хўжаева

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech