Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Андижонда дори-дармон етишмайди деган миш-мишлар ёлғон бўлиб чиқди

Ижтимоий тармоқларда коронавирус пандемияси туфайли Андижонда айрим дори маҳсулотларига талаб ортиб, нархи кескин ошиб кетаётганлиги ҳақида маълумотлар, аҳоли ўртасида эса миш-мишлар тарқалган. 

Аслида вилоятда бу борада ҳақиқий ҳолат қандай?
 
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, аҳолининг саросимага солишга қаратилган бу каби миш-мишларга ҳеч қандай асос йўқ. Бугунги кунда мамлакатимизнинг аҳолиси энг зич жойлашган Андижон вилоятида 16 та улгуржи дори омбори, 1 минг 245 та дорихона фаолият кўрсатмоқда. Уларда аҳоли учун зарур барча турдаги дорилар захираси яратилган. Бундан ташқари, вилоятда фаолият кўрсатаётган «Макро фарм Андижан», «Гранд фарм трейд» сингари корхоналар томонидан кўплаб турдаги дори-дармонлар, зарур тиббий воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
 
Пандемия шароитида вилоятдаги дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмлар тақчиллиги ва нархларининг асоссиз оширилиши Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасининг қатъий назоратида. Бу борада доимий назорат тадбирлари ўтказилмоқда, кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазалари ўрганиб борилмоқда.
 
Дори воситалари ҳамда нарх-навоси билан боғлиқ масалалар бўйича мурожаат қилиш учун барча дорихоналарга ишонч телефонлари рақамлари ёзилган плакатлар ўрнатилган бўлиб, фуқаролар бу борадаги салбий ҳолатлар юзасидан исталган пайтда мурожаат қилишлари мумкин.
– Вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда 1 минг 245 та дорихонада дори воситалари захиралари мавжудлиги ўрганиб чиқилди ва дори-дармонга эҳтиёжи бўлган 251 та дорихона улгуржи дори воситалари ва тиббий буюмлар билан савдо қилувчи йирик корхоналарга бириктирилди, – дейди департамент вилоят бошқармаси катта инспектори И.Ғозибоев. – Шунингдек, ўрганиш жараёнида айланма маблағга эҳтиёжи бўлган 134 та дорихона учун 4 миллиард 309 миллион сўм пул маблағи ажратиш масаласи тижорат банкларига кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
Пандемия ҳамда жорий этилган карантиндан фойдаланиб, ноқонуний равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланаётган айрим шахсларга нисбатан зарур чоралар кўрилмоқда. Масалан, Департаментнинг Андижон тумани бўлими томонидан тумандаги ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.У. ўз хонадонида ретцепсиз сотилиши тақиқланган дори воситалари савдоси билан ноқонуний шуғулланиб келаётгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Балиқчи тумани, Омонариқ маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Ж.нинг ўз хонадонида ноқонуний дорихона ташкил қилгани аниқланди. Ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бу каби салбий ҳолатлар зудлик билан бартараф этилмоқда.
 
Айни кунда Андижонда қарийб 5 минг бемор учун етарли ҳажмда уч ойга мўлжалланган 49 номдаги дори воситалари захираси яратилган. Шу боис, дори воситалари тақчиллиги юзага келиши билан боғлиқ миш-мишлар умуман, асоссиздир.
 
 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech