Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ҳар йили 10 минг нафарга яқин врач ва фармацевтлар аттестациядан ўтади, бу йил ҳозирча улар 1,5 минг нафар, холос

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика маркази директори Аҳрор Ярқулов билан суҳбат.

— Пандемия сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва худудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузуридаги тиббиёт ва фармацевтика комиссиялари фаолияти тўхтатилган эди. 1 октябрдан яна йўлга қўйиладиган бўлса, мурожаатлар ҳам анча-мунча бўлса керак...

— Фикрингиз тўғри. Чунки карантин даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва худудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузуридаги ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари фаолияти тўхтатилганлиги учун тиббиёт ва фармацевтика ходимлари хужжатлар топшириш ва аттестациядан ўтиш имкониятини йўқотди.

Шу сабабли, иккинчи малака тоифаси бор 1,5 минг нафарга яқин мутахассислар навбатдаги биринчи малака тоифасини олиш, шунингдек, биринчи малака тоифаси мавжуд бўлган 1 минг нафарга яқин тиббиёт ва фармацевтика ходимлари навбатдаги олий малака тоифасини олиш имкониятидан махрум бўлди.

Ундан ташқари, карантин эълон қилинган вақтдан то ҳозиргача бўлган давргача ёки ўтган 6 ойдан ортиқроқ муддатда умуман малака малака тоифаси бўлмаган, аммо иш стажига 5 йил тўлган ва лозим бўлган иккинчи малака тоифасини олиш истагида бўлган мутахассислар, шунингдек, тиббиёт олийгоҳларини тамомлаган иккинчи малака тоифаси олиш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган 400 нафардан ортиқ мутахассислар учун хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш ҳуқуқини берувчи учинчи малака тоифасини олиш имконияти ҳам йўқолди.

Ҳар йили ўртача 10 минг нафарга яқин мутахассислар, биринчи ярим йилда эса ўртача 5,5 минг нафарга яқин врач ва фармацевтлар аттестациядан ўтиб, малака тоифасига эга бўлар эди. 2020 йили эса эълон қилинган карантин муддатигача атиги 1,5 минг нафарга яқин врач аттестациядан ўтишга улгурди. Шунинг учун ихтисослаштирилган аттестация комиссияларининг фаолиятини давом эттиришга рухсат берилгани жуда тўғри бўлди, деб ҳисоблайман.

— Бу шароитда карантин талабларини таъминлаш масаласи қандай ҳал қилинади?

— Албатта, карантин чоралари юмшатилган бўлса-да, хавфсизлик талаблари тўлиқ бажарилиши шарт эканлигини, нафақат комиссия аъзолари, балки аттестациядан ўтувчи ҳар бир талабгор тўғри тушунади ва бунга амал қилади, деган умиддаман. Ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари йиғилишлари ўтадиган тиббиёт муассасалари раҳбарлари бунинг учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга масъул ва бунинг уддасидан чиқадилар, деб ўйлайман.

Барча тиббий ихтисосликлар кесимида аттестация ўтказиладиган кунлар графиги ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳар ҳафта шанба куни алоҳида йўналишдаги тўрт турдаги ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари йиғилишлари турли жой ва манзилда жойлашган ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида ўтказилиши режалаштирилган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳар бир мутахассисликлар бўйича гуруҳлар ташкил қилиниб, уларнинг имтихон вақтларини турли соатларда белгиланишини мўлжаллаганмиз.

Шундай бўлса-да, фавқулодда ҳолатлар учун ҳам тайёргарлик кўриб қўйганмиз. Агар карантин чоралари яна қатъийлашадиган бўлса, ишимизни онлайн тартибда давом эттириш режа ва дастурлари ишлаб чиқилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев суҳбатлашди

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech