Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Қашқадарёда дори воситалари учун 1 фоизлик кредитлар ажратилади

14 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида дори-дармон захирасини яратиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган эди. Ҳозирда бу кўрсатмалар ижроси юзасидан жойларда муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қашқадарё вилоятида 943 дорихона мавжуд. Бугунги пандемия шароитида вилоят аҳолисини сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш имконияти қай аҳволда? Нархларнинг сунъий ошишига йўл қўйилмаяптими? Бу каби саволларга жавоб топиш мақсадида халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутатлари жамоатчилик масъуллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари Қарши шаҳрида ўрганишлар олиб борди.

Унда вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз юқори нархларда сотилаётгани, айрим дори-дармонлар захираси умуман йўқлиги аниқланди.

– Қарши шаҳридаги дорихоналарнинг кўпчилигини кўриб чиқдик, – деди халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати Сайфулла Маҳматмўминов. – Халқимиз ичида коронавируснинг кўпайиб бораётганини инобатга олганда, бизнинг дорихоналаримиз бунга ҳали тайёр эмаслиги кўриниб турибди. Чунки, аксарият дорихоналарда вирусга қарши ишлатиладиган дориларни топиб бўлмайди, борларининг ҳам захираси етарли эмас. Узоғи билан бир ойга етадиган захира бор, холос. 

Коронавирус профилактикаси ва турли инфекцияга қарши қўлланиладиган дори воситаларининг нарх-навосини барқарорлаштириш ва энг муҳими захирасини яратиш бўйича жойларда тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, вилоятдаги хусусий клиникалар, шошилинч тиббий ёрдам хизмати ва дорихоналар раҳбарларига мурожаат қилинди.

– Бир фоизлик кредит ажратамиз дейишди, – деди тадбиркор Олимжон Аллаев. – Бу бизга жуда маъқул бўлди. Насиб қилса, шу имтиёзли кредитни олиб, халқимиз учун пандемияга қарши арзон ва сифатли дориларни вақтида етказиб беришга ҳаракат қиламиз.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech