Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Aвтомобиллар ҳаракатланиши учун илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилади

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг навбатдаги ахбороти эълон қилинди. Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 10 июлдан эътиборан республика миқёсида автотранспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда:

➖ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) тўхтатилади (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно);
➖ жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилади;
➖ автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан – 10.00 гача, 17.00 дан – 20.00 гача) тегишли ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади. Бунда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши давомида сантария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилади;
➖ вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари атрофидаги йўл патрул хизмати масканлари, блокпостлар ва тўсиқ постлар фаолияти ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги кучларини ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси вакилларини жалб қилган ҳолда кучайтирилади.
➖ Карантин даврида фуқароларнинг мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланишига фақатгина тиббий ниқобдан фойдаланган ҳолда ҳаётий зарур эҳтиёжлари – дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.
➖ Автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказлари томонидан илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилади.
➖ Шу билан бирга рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида карантин талабларни бузган шахсларга маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши ҳамда автотранспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиши назарда тутилди.
➖ Вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга ошириш бўйича белгиланган чекловлар деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (мева-сабзавот, полиз, кўкат маҳсулотлари ва б.қ.) жойларга етказиш ва сотиш мақсадида вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга татбиқ этилмайди.

Бунда деҳқон ва фермер хўжаликларининг автотранспорт воситалари бозорлар, ярмаркалар ва савдо нуқталарига киритишдан олдин дезинфекция қилинади.

Йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга қуйидаги махсус талаблар асосида рухсат берилади:

➖ йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши керак;
➖ ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади) лозим;
➖ фақатгина икки нафар йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши керак;
➖ фақатгина автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) ҳаракатланиши шарт.

Карантин талабларига зид равишда кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб юриш, шунингдек, ниқобсиз юриш ҳолатлари белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech