Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Баҳорги тижоратлаштириш форумида тармоқ корхоналарига татбиқ этиладиган илмий ишланмалар молиялаштирилди

Жорий йилнинг 11-12 март кунлари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилган Баҳорги тижоратлаштириш Форумида, 2022 йилда Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалар раҳбарларига сертификатлар топширилди. Олимларга сертификатларни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова тақдим этди.

Тадбирда жами қарийб 22 млрд. сўм қийматидаги 25 та лойиҳа молиялаштирилди. Ушбу лойиҳалар орасида Ўзбекистон кимё-фармацевтика институти вакиллари институт директори, профессор Абдуқодир Тўлагановнинг “Д-маннозани олиш технологиясини ишлаб чиқиш” лойиҳаси, шунингдек илмий ходим Турсунова Лазизанинг “Фитопассит” тинчлантирувчи дори воситасини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари ҳам ўрин эгаллаган.

Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳалар баҳорги тижоратлаштириш форуми доирасида олимларнинг кўплаб ишланмалари орасидан саралаб олинган бўлиб, яқин келажакда тегишли тармоқларга татбиқ этилиши билан аҳамиятлидир.

Маълумот учун, Д-маннозани олиш технологиясини ишлаб чиқиш лойиҳаси: Гледичия оддий тикандарахт уруғи ва янтоқ ўтидан Д-маннозани ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш, Маҳаллий хом ашёлар асосида олинган Д-манноза қуруқ экстрактидан четдан келтирилаётган препаратларни (Д-Манноза, Онкохелп-Д ва Циститхелп ва б.лар) ўрнини босувчи дори воситалари олинади. Д-манноза қуруқ экстракти ҳамда Д-Манноза, Онкохелп-Д ва Циститхелп капсула ва таблетка шаклидаги препаратларни саноат миқёсида олиш ООО “Marjon Global“ корхонасида амалга оширилади. Д-манноза асосида олинган препаратлар (Д-Манноза, Онкохелп-Д ва Циститхелп) хозирда четдан келтирилаётган препаратлар ўрнини босади. ва таннархининг арзонлиги туфайли иқтисодий самара келтиради.

“Фитопассит” тинчлантирувчи дори воситасини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси: “Фитопассит” препарати нерв тизимининг функционал фаоллигига седатив таъсир кўрсатиб, турли этиологияли неврозлар, таъсирчанлик, хавотирланиш, қўрқув, толиқиш, паришонхотирлик билан кечувчи неврастениянинг енгил шакллари; нерв қўзғалиши; уйқусизликда қўлланилади. «Фитопассит» препаратини капсула дори шаклини ишлаб чиқаришни амалга оширилиши, хозирда чет эллардан келтирилаётган седатив дори воситаларни ўрнини босади ва таннархининг 3-4 баробар арзонлиги туфайли иқтисодий самара келтиради ва келажакда экспорт имкониятини яратади. Ишланма бўйича № IAP 04508 сонли ЎзР патенти олинган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech