Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Беҳзод Мусаев ССВ тизимини коррупциясиз соҳага айлантириш режаси бўйича маълумот берди

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ўзи бошчилик қилаётган тизимни коррупциясиз соҳага айлантириш режаси бўйича маълумот берди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатида 5 апрел куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг мажлисидан Bugun.uz мухбири хабар берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, соғлиқни сақлаш тизимини коррупциясиз соҳага айлантириш бўйича ишлар бошланганига қарамасдан, коррупциявий жиноятлар сони ўсмоқда. Қайд этилишича, коррупциявий ҳолатларга олиб келаётган омил бу рақамлаштириш тизими тўлиқ йўлга қўйилмагани ҳисобланади.

Вазир ўз сўзида ҳозирги кунда коррупцияга мойил соҳаларнинг учтадан биттаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлиб қолаётганини қайд этди. «Биз учун бу жуда уятли ва ачинарли хол», — деди Беҳзод Мусаев.

Вазир ўз чиқиши давомида тизимли ўрганишлар давомида аниқланган, коррупция энг «гуллаган» йўналишларни санаб ўтган. Унга кўра, бу йўналишлар қуйидагилардан иборат:

✅ Давлат харидлари тизимида шаффофлик ўрнатилмаган — гап биринчи навбатда дори-дармонлар ҳамда соғлиқни сақлаш тизими учун керакли жиҳозларни харид қилиш ҳақида бормоқда.
✅ Беморларга йўлланма бериш (ордер тизими) — ҳозирда йўлланмаларни электрон бериш ишлари йўлга қўйилмоқда. Электрон йўлланма бериш тизимини вазирлик тизимида мавжуд 2 мингдан ортиқ поликлиникаларда жорий қилиш кўзда тутилмоқда.
✅ Ишга қабул қилиш жараёнларида ҳам коррупциоген ҳолатлар кўп. Умуман, «ўлик жонларни» сақлаш эвазига бюджет маблағларини ўзлаштириш, ишга қабул қилишда таъмагирлик қилиш, ҳатто оддий ҳамшираликка жойлаш учун ҳам маблағ сўраш каби ҳолатлар кўп учрамоқда. Шунинг учун ҳозир Соғлиқни сақлаш тизимида республика бўйича ягона кадрлар ахборот тизими жорий қилинмоқда. Эндиликда шу тизим орқали ҳар бир фуқаро қайси ҳудудда қандай вакансия борлигини кўриб туриш имкониятига эга бўлади. Тизим 2 ой ичида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.
✅ Таъмагирлик ҳолатлари – тизимда туғруқ муассасаларида «суюнчи» олиш, бундан ташқари беморларга асоссиз дори-дармонларни ёзиб бериш ёки беморга яхшироқ шароит яратиб бериш, тузукроқ докторга кўрсатиш орқали таъмагирлик қилиш ҳолатлари кўп.
✅ Лаборатория хизматларини турли хусусий корхоналарга ҳеч қандай шартномасиз бериб юбориш ҳолатлари аниқланган. Соғлиқни сақлаш тизимига тегишли ер участкалари тизим ходимлари томонидан вазирлик рухсатисиз бегоналаштирилган ҳолатлар аниқланган. Ҳар бир ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берилган.
✅ Қалбаки ҳужжатлар орқали малака сертификатини бериш — эндиликда малака ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш устида ишлар олиб борилмоқда.

Мусаевнинг айтишича, соғлиқни сақлаш тизимидаги энг катта камчилик, корруциявий ҳолатларга олиб келаётган омил бу рақамлаштириш тизими тўлиқ йўлга қўйилмагани саналади.

Вазирнинг қайд этишича, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш натижасида 2020-2021 йиллар давомида соҳада 14 та хизмат шакли тўла электрон шаклга ўтказилганига қарамай, тўлиқ рақамлаштиришни амалга оширмагунча тизимда шаффофликни жорий қилиш жуда оғир бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазири шунингдек, тизим коррупциядан ҳоли бўлиши учун соҳадаги ҳар бир раҳбар ва ходимдан коррупциясиз ишлаш ҳақида аҳолига мурожаати ва тилхатини олиш тизими йўлга қўйилганини қўшимча қилди. Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан яхши ишлаган ходимларга тоифасига қараб қўшимча устамалар қўшиб бериш ишларини жорий қилиш кўзда тутилаётгани айтилди.

Аввалроқ Беҳзод Мусаев расман соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида нима учун иқтисодчини соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлагани сабабини айтган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech