Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Беморга тайинланган дори воситалари унинг тиббий ҳужжатлари (касаллик тарихи, амбулатория картаси)да қайд қилиниши ва бевосита даволовчи шифокор томонидан имзоланиши керак.

➖ Даволаш-профилактика муассасаларида сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тақиқланади.
 
➖ Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларининг тайинланиши ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.
 
➖ Даволаш-профилактика муассасаларида беморларга дори воситаларини тайинлаш ташхис ва даволаш стандартлари асосида бир марталик, кунлик ва курс дозаларини аниқлаш орқали касалликнинг тури, оғирлиги ва хусусиятига ҳамда беморнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда даволовчи шифокор томонидан амалга оширилади.
 
➖ Беморга тайинланган дори воситалари (дори воситаларининг номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) унинг тиббий ҳужжатлари (касаллик тарихи, амбулатория картаси, боланинг ривожланиш тарихи ва бошқалар)да қайд қилинади ва бевосита даволовчи шифокор томонидан имзоланади.
 
✅ Қуйидаги ҳолларда беморга тайинланган дори воситаларининг асослилиги даволаш-профилактика муассасасининг бўлим мудири ёки навбатчи шифокори ёхуд клиник фармакологи билан келишилиши лозим:
 
➖ беморга бир вақтнинг ўзида беш ва ундан ортиқ дори воситалари тайинланганда;
➖ асосий касалликнинг асоратлари ёки ҳамроҳ касалликлари мавжуд бўлганда;
➖ Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек дорихоналар томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисидаги Низомнинг 1-иловасига мувофиқ Дори воситаларининг хавфли комбинациялари рўйхатида кўрсатилган дори воситаларининг хавфли комбинациялари мавжуд бўлганда.
 
Ушбу ҳолларда тайинланган дори воситаларининг асослилиги беморнинг тиббий ҳужжатларида қайд этилиши ва ушбу тиббий ҳужжатлар бевосита даволовчи шифокор ҳамда мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган шахслар томонидан ҳам имзоланиши лозим.

Даволовчи шифокор даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда даволанаётган беморга ушбу муассасада мавжуд бўлмаган дори воситаларини тайинлаши мумкин.

➖ Даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори томонидан дори воситалари рецепт асосида тайинланганда, рецептда шифокорнинг фармацевт ходимга дори воситасининг таркиби, шакли, уни тайёрлаш ва бериш ҳақидаги ёзма кўрсатмаси лотин тилида, дори воситаларини қўллаш усули эса ўзбек ёки рус тилида кўрсатилиши шарт.
 
➖ Рецепт беморга унинг ёши, дори воситасининг халқаро патентланмаган ёки кимёвий номи, мураккаб таркибли дори воситалари учун савдо номи, дори воситаси экстемпорал усулида тайёрланганида унинг таркибига кирувчи дори воситаларининг номлари, шунингдек уларнинг дозаси, даврийлиги, қабул қилиш вақти ва давомийлиги, озиқ-овқат билан ўзаро таъсирлашувчи дори воситалари (овқатдан олдин, овқатланиш вақтида, овқатдан кейин) кўрсатилган ҳолда мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги рецепт бланкига мувофиқ берилади.
 
➖ Бунда рецептда тайинланган дори воситалари (дори воситаларининг номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) рецептнинг йиртма корешогида ҳам бир-биридан фарқланмайдиган ҳолатда кўрсатилиши шарт.
 
Даволовчи шифокор томонидан даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда даволанаётган беморга рецептда озиқ-овқатлар билан ўзаро таъсирлашувчи дори воситалари (овқатланишдан олдин, овқатланиш вақтида, овқатланишдан кейин) қўлланилиши бўйича маълумотлар кўрсатилиши шарт эмас.
 
Рецепт ёзишда Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек дорихоналар томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисидаги Низомнинг 3-иловасида келтирилган Асосий рецептура қисқартмаларидан фойдаланиш мумкин.
 
➖ Рецептда айнан қандай дори воситаси ёзилганлигини аниқлашда адаштирувчи ингредиентларнинг номига яқин қисқартмаларни ёзишга йўл қўйилмайди.
 
➖ Ҳар бир даволаш-профилактика муассасасидаги даволовчи шифокорларга рецепт бланклари ушбу муассаса раҳбарининг буйруғи билан тайинланадиган жавобгар шахс томонидан, дам олиш ва байрам кунлари ҳамда тунги вақтларда эса даволаш-профилактика муассасасининг масъул навбатчи шифокори томонидан берилади.
 
➖ Шифокорларга бериладиган рецепт бланкларининг ҳисоби ушбу Низомнинг 4-иловасида келтирилган Даволаш-профилактика муассасаларида рецепт бланкларини беришни қайд қилиш журналига мувофиқ юритилади.
 
Рецепт Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан берилганда уларнинг юқори қисми чап бурчагида даволаш-профилактика муассасасининг номи ва манзили тегишли штамп қўйилган ҳолда кўрсатилиши, хусусий даволаш-профилактика муассасалари томонидан берилганда эса қўшимча равишда рецептнинг юқори қисми ўнг бурчагида ушбу муассасанинг фаолият кўрсатиши бўйича берилган лицензиянинг тартиб рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати ҳам кўрсатилиши лозим.
 
➖ Рецептда «Ичиш учун», «Маълум», «Қоида тариқасида» ва бошқа шу каби белгилардан фойдаланиш ман этилади.
➖ Рецептда суюқ дори воситаларининг миқдори миллилитр ва томчиларда, қолган моддалар эса граммларда ёзилади.
➖ Рецепт бланкида кўрсатилган катаклар аниқ ва тушунарли тарзда тўлдирилиши, унда ўчириш ва тузатишларга йўл қўйилмаслиги лозим.
 
Рецепт даволовчи шифокорнинг имзоси ва шахсий муҳри билан тасдиқланиши лозим. Бунда даволовчи шифокор шахсий муҳрининг ташқи айлана диаметри 20 мм, кичик айлана диаметри 10 мм, айланалар орасидаги масофа 3 мм ва кичик айлана ичидаги чизиқ узунлиги 8 мм бўлиши ҳамда катта айлана ичида даволовчи шифокорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, кичик айлана ичидаги чизиқда «шифокор» сўзи ёзилади.
 
➖ Рецепт уни берган даволовчи шифокорнинг имзоси билан тасдиқланган кундан бошлаб бир ой мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.
➖ Касаллиги сурункали бўлган беморлар учун амбулатория шароитида тайёр дори воситаларига ва экстемпорал усулида тайёрланадиган дори воситаларига рецепт берилганда, даволовчи шифокор томонидан истисно тариқасида уни амал қилиш муддати бир йилгача белгиланишига рухсат этилади, миқдорий буюм ҳисобида турувчи анаболик фаолликка эга бўлган ҳамда таркибида спирт сақловчи экстемпорал усулида тайёрланувчи дори воситалари бундан мустасно.
 
Касаллиги сурункали бўлган беморларга амал қилиш муддати бир йилгача бўлган рецептлар берилганда, даволовчи шифокор томонидан унинг амал қилиш муддати ва дорихонадан дори воситаларини бериш даврийлиги (ҳар ҳафта, ҳар ой ва бошқалар) кўрсатилиши шарт.
 
Стационар даволаш-профилактика муассасасида даволанган беморга амбулатория шароитида даволанишни давом эттириш зарур бўлган ҳолларда рецепт амбулатория-поликлиника муассасасининг шифокори томонидан беморнинг тиббий ҳужжатларидан олинган кўчирмасидаги даволовчи шифокорнинг амбулатория шароитида дори воситасининг қўлланилиши ҳақидаги тавсиясига асосан берилади.
 
✅ Рецепт ёзиб бериш тақиқланади:
 
➖ наркоз воситаси сифатида ишлатиладиган дори воситаларига;
➖ Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек дорихоналар томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисидаги Низомнинг 5-иловасига мувофиқ Бир-бирига номутаносиб дори воситалари рўйхатида кўрсатилган дори воситаларига.
 

__

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech