Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

«Бепул дорилардан 50 минг қути тайёрлаб қўйилган, улар тез орада тарқатилади» — профессор Феруза Ҳамробоева билан суҳбат

Kun.uz пандемия даврида асқотадиган тавсиялар берилувчи суҳбатлар туркумини давом эттиради. Бу сафарги меҳмон – Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти профессори Феруза Ҳамробоева бўлди.

Тиббиёт фанлари доктори билан суҳбатимиз сўнгги пайтларда кўпчиликни ўйлантираётган дорилар таъминоти ва иммунитетни ошириш масалаларида кечди.

 – Феруза Ибрагимовна, дастлаб COVID-19`га чалинганлар бепул берилувчи дориларни қаердан, қай тартибда олишлари ҳақида батафсил тушунтириш берсангиз.

 – Бу дорилар жамланмаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган бўлиб, у мобил гуруҳ ёки патронаж вақтида бириктирилган оилавий поликлиниканинг умумий амалиёт шифокори тавсияси асосида берилади. Мазкур дорилар коронавирус инфекцияси енгил кечаётган ва уй шароитида даволанаётган беморларгагина тақдим этилади.

Шакллантирилган дори-дармонлар жамланмаси алоҳида қутичага жойлаштирилади ва «COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари тўплами» деб номланади.

Дори тўплами қутичасига бепул тарқатилиши шартлиги ва албатта шифокор маслаҳати билан ичиш кераклиги ҳақида қайдлар ёзилган.

Айни пайтда 50 минг дона бундай тўплаб тайёрлаб қўйилди ва тарқатилиш режалаштирилмоқда. Дори-дармонларни олиш учун ҳужжатлар талаб қилинмайди.

– Бепул берилувчи дорилар рўйхати қайси мезонларга асосан тузилган ва улар қаердан харид қилиняпти? Харидларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳиссаси қандай?

– Дорилар руйхатига «Азитромицин», «Парацетамол» ва С витамини – ёки аскорбинка киради. Бу руйхат COVID-19 йўриқномасига асосан, мавжуд вазият бўйича тадқиқотларга кўра тузилган. Улар асосан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланмоқда ва етказиб берилмоқда.

Айни пайтда ички бозордаги талаб ошиб бораётгани ҳисобга олиниб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари экспорти тўхтатиб турилибди.

– Плаквенил, гидроксихлорохин дори воситаларининг коронавирусга қарши самараси исботланмагани, ножўя таъсирлари кўплиги бўйича кўплаб мақолалар эълон қилинди. Аммо шунга қарамай бизда улардан фойдаланиб келинаётганини қандай изоҳлайсиз?

– Дори воситалари қайта кўриб чиқилиши, қатор ўрганишлар асосида дорилар жамланмасидан плаквенил чиқариб ташланди. Олдин қўлланилганининг сабаби – клиник изланишлар натижасида 2020 йил февраль ойида француз олимлари мазкур икки дорини коронавирусга қарши самарали экани ҳақида хабар беришганди ва мана шу тадқиқотга асосан нафақат биз, балки дунёнинг кўплаб давлатларида бу дори ишлатилган.

Тадқиқотлар асосан икки гуруҳ препаратлари асосида олиб борилмоқда:

Француз олимларининг дастлабки тадқиқотида COVID-19 касаллигини даволашда гидроксихлорохин алоҳида ва азитромицин антибиотиги билан бирга қўллаб кўрилган. Даволашнинг бешинчи кунидаёқ коронавирусни аниқловчи тест манфий натижа кўрсатган ва бу кейинги кунларда ҳам ўз тасдиғини топган. Яъни синовдаги барча беморлар беш кун ичида тўлиқ соғайиб бўлганлар.

Хитойнинг 10та клиникасида (жумлада Уҳан шаҳрида ҳам) Covid-19 чақирувчи пневмонияни даволашда хлорохин препаратини қўллаш натижалари эса безгакка қарши бу препаратни қўллаш пневмонияни чеклашда ва касаллик давомийлигини қисқартиришда нисбий самара берганини кўрсатган.

– Бугунги кунда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари орасида Россиянинг «Арбидол» дориси оммалашиб кетди ва танқис бўлиб қолди. Бу дорининг арзон ва самарали бўлган муқобил вариантини топиш мумкинми?

– Албатта, вирусли инфекцияларда даволашда қўлланадиган 44 номдаги препаратлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган. Улар ацикловир, энтекавир, оксолин, умифеновир, ламивудин, абакавир, рутан каби таъсир этувчи моддалар сақлаган ҳамда мажмуавий таркибга эга бўлган вирусларга қарши воситалардир.

Фақат бир дорига боғланиб қолиш, ўшандан нажот кутиш тўғри эмас.

– Бугунги мураккаб жараёнда инсонлар иммун тизимини мустаҳкамлаш борасида қандай тавсиялар бера оласиз?

– Инсон саломатлиги, иммунитети кучлилиги унинг соғлом турмуш тарзига амал қилиши билан узвий боғлиқ. Жисмоний фаоллик бўлиши керак. Тўғри овқатланиш, витаминга бой маҳсулотларни доимий равишда истеъмол қилиш зарур. Айниқса, таркибида С витамини кўп бўлган озиқ-овқатларга алоҳида эътибор қаратиш яхши самара беради.

Бозорларимизда мева-сабзавотлар, кўкатлар мўл ва арзон. Дорига ружу қўймасдан, уларни истеъмол қилиш ҳамиша фойдали бўлган.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech