Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Бишкек шаҳрида “Қирғизистон – Ўзбекистон” бизнес-форуми бўлиб ўтди

26 январь куни бўлиб ўтган тадбирда икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, ҳудудий маъмуриятлар раҳбарлари, ишбилармон доираларининг 350 дан ортиқ вакиллари ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори вазифасини вақтинча бажарувчиси Улуғбек Эгамов бошчилигидаги соҳа вакилларидан иборат делегация иштирок этди.

Бизнес-форум доирасида Қирғизистон-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг иккинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари вакиллари, хусусан “NIKA PHARM”, “DENTALS PHARMA”, “SERENA HEALTHCARE”, “LIDE IMPORT” каби компаниялар фаол иштирок этиб, миллий маҳсулотлар тақдимоти билан қатнашдилар. Учрашув чоғида йиғилганлар Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти, шунингдек, ушбу мамлакатларда бизнес юритиш учун яратилган барча шароитлар ҳақидаги тақдимот материаллари билан таништирилди.

Тадбирда сўзга чиққан Улуғбек Эгамов икки давлат ўртасидаги фаол ҳамкорлик иккала мамлакат фармацевтика соҳасида фаолият олиб борувчи тадбиркорларга қўшма ҳамкорликни жадал амалга ошириш имконини бераётганини таъкидлади. Йиғилиш сўнггида Қирғизистон Фармацевтика иттифоқи раҳбари Эрнест Асанов билан маҳаллий экспортёр корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Қирғизистон Республикаси импортёрларига етказиб бериш бўйича меморандум имзоланди.

Шунингдек, делегация аъзолари Қирғизистон мамлакати Импортчилар уюшмаси вакиллари, Дори воситаларини назоратга олиш департаменти раҳбари Айнура Абалиева, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Тиллек Мамадалиев  билан ҳам учрашдилар.

Таъкидлаш лозим, жорий йилнинг февраль–март ойларида Қирғизистон Фармацевтика иттифоқи раҳбари Эрнест Асанов йирик импортёр дистрибьюторлар ҳамроҳлигида мамлакатимизнинг йирик  ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишгани ҳамда Ўзбекистон фармацевтик маҳсулотини Қирғизистонга экспорт қилиш таклифи масаласида  ташриф буюришини айтиб ўтди.

Ташриф давомида яна Қирғизистонинг “Pharma Nur” корхонаси бориб кўрилди ҳамда Ўзбекистондаги дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан шартнома асосида дори воситаларини ишлаб чиқариш ва экспортини йўлга қўйиш юзасидан ҳамкорлик олиб бориш таклифи берилди.

Форум якунлари бўйича янги корхоналар томонидан умумий қиймати 7 млн АҚШ долларлик фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech