Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 64 ёшни қарши олди

Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати - ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Ш.М.Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта - 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

Ш.М.Мирзиёев мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юксак ишончини қозониб, унинг яқин сафдоши ва маслакдоши сифатида самарали фаолият олиб борди.

Мазкур даврда Мирзиёев "Меҳнат шуҳрати" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти вафотидан сўнг, 2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юкланди. 2016 йилнинг 4 декабр куни Шавкат Мирзиёев 88,61 фоиз овоз билан Ўзбекистон Президенти этиб сайланган. 

Ш.М.Мирзиёев икки қиз ва бир ўғилнинг отаси. Олти нафар набираси бор. Рафиқаси З.МҲошимова - мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи. Катта қизи Саида Мирзиёева Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимида, кичик қизи Шаҳноза Мирзиёева Мактабгача таълим вазирлигида фаолият юритади.

Фурсатдан фойдаланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги номидан давлатимиз раҳбарини ушбу табаррук ёшлари билан чин дилдан муборакбод этиб, уларга халқ фаровонлиги, юрт равнақи йўлидаги фаолиятларида куч-ғайрат ва омадлар тилаб қоламиз.

Туғилган кунингиз муборак бўлсин, Жаноб Президент!

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech