Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Чилонзор туманида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотган дорихона норасмий сотувчиси ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Чилонзор тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, “S.” МЧЖга қарашли дорихона норасмий сотувчиси У.Х. ва бошқалар харидорга инсон саломатлигига кучли таъсир қилувчи 3 дона “Регапен” ва 2 дона “Зардекс” номли дори воситаларини жами 90 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, тадбир давомида дорихонада муомалага киритиш учун сақлаб келинаётган 17 дона “Тропикамид”, 19 дона “Регапен”, 54 дона “Селофен” ва 63 дона “Зардекс” дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Экспертиза хулосасида 65 дона капсуладаги “Зардекс” дори воситаси қалбакилиги, шунингдек ушбу дори воситалари таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжудлиги қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ўтказиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, унутманг! Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд дори воситаларини нотиббий мақсадларда истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Шу боис, ушбу дори воситаларини фақат шифокор рецепти асосида махсус лицензияга эга бўлган дорихоналардан харид қилишингизни сўраб қоламиз.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech